27 September 2022
13:30 - Доғистонда сафарбарликка қарши намойишлар давом этмоқда ва бу урушлар давом этаверадиганга ўхшамоқда
Махачқалъада намойишчилар ва полиция ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди. Хасавюртда ҳам хавфсизлик кучлари ва сафарбарлик мухолифлари ўртасида тўқнашувлар кузатилмоқда.

Россия Доғистонида 26 сентябр, душанба куни эркакларни Украина билан урушга сафарбар қилишга қарши янги норозилик намойишлари бошланди. ОАВ хабарларига кўра, энг кўп сонли митинглар республика пойтахти Махачқалъа ва Хасавюрт шаҳрида бўлиб ўтмоқда.

Махачқалъада бир неча юз киши кўчага чиқди, деб ёзади “Кавказ.Реалии”. Кўп ўтмай марказий майдонда намойишчилар ва полиция ўртасида оммавий муштлашув бошланди. Нашр маълумотларига кўра, 70 га яқин иштирокчи қўлга олинган.

Хасавюртдаги митингда 100 га яқин одам қатнашди. Полиция қўлга олишларни амалга оширди, намойишчилар уларга қаршилик кўрсатди, бу Чеченистон мухолиф Адат ҳаракатининг Telegram-каналида эълон қилинган видеолавҳада кўрсатилган.

Кабарда–Болқория пойтахти Налчикда ҳам норозилик акцияси бошланди. Намойишчилар олдига маҳаллий расмийлар чиқишган. Улар республикадан қанча эркак ҳарбий хизматга чақирилиши режалаштирилгани ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди.

Бир кун олдин Махачқалъада сафарбарликка қарши митинг бўлиб ўтиб, унинг иштирокчилари орасида аёллар кўп эди. Кавказ.Реалии хабарига кўра, 120 га яқин одам қўлга олинган. Уларнинг кўпчилигига нисбатан маъмурий иш очилган, саккиз нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

25 сентябрь куни Доғистоннинг Хасавюрт тумани Эндирей қишлоғида ҳам сафарбарликка қарши акция ўтказилди. Маҳаллий аҳоли Хасавюрт-Махачқалъа федерал автомагистралини тўсиб қўйган. Полиция намойишчиларни ҳавога ўқ узиб тарқатишга ҳаракат қилди.

Шу куни Налчикда 20 га яқин аёл ҳукумат уйи олдидаги майдонга йиғилиб, уруш ва сафарбарликни танқид қилди.