20 October 2021
18:11 - Сенатнинг Қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова: “Меҳрибонлик уйлари битирувчилари бўлган талабаларга ҳар йили берилиши керак бўлган субсидиялар ажратилмаган”
Бугун, 2021 йил 20 октябр куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтибди. Унда Сенатнинг Ёшлар, Маданият ва Спорт Масалалари Қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова болалар уйи битирувчилари учун жорий этилган имкониятлар тўлиқ йўлга қўйилмаётгани ҳақида очиқча гапирибди.

Сенаторнинг айтишича, меҳрибонлик уйларида тарбия топган ва бугунги кунда давлат томонидан берилган ётоқхоналарда яшаётган 610 нафар етим боланинг аксарияти ниҳоятда аянчли ҳолатда яшашмоқда. Шундай болалардан 35 нафари ҳақида Халқ Таълими Вазирлиги маълум қилган.

“Охирги йилларда 30 ёшгача бўлган меҳрибонлик уйлари битирувчилари 3700дан ортиқни ташкил қилади. Бири ишлаяпти, бири ишсиз. Булар орасида фарзандли бўлиб, болаларини меҳрибонлик уйларига топширган ҳолатлар учраяпти. Яна етимлар пайдо бўляпти. Бундай болаларга 25 ёшгача эътибор қаратиш керак деб ўйлайман”, дебди сенатор Дилором Тошмуҳамедова.

Сенатор олиб борилаётган ишларда йўл қўйилаётган сусткашликларга ҳам тўхталибди ва жумладан шундай дебди:

“Молия Вазирлиги томонидан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун уларнинг коллеж, лицей ёки ОТМда ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир марта ўқув илмий-бадиий адабиётлар, китоблар билан таъминланиши учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан БҲМнинг 5 баробари миқдорида ажратилиши керак бўлган субсидиялар ажратилмаган.

Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттираётган етим болалар учун 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб берилиши лозим бўлган стипендия тўловларини 50 фоизга оширилган ҳолда тўлаш вазифаси бажарилмаган. Уларга дарс берувчи профессор-ўқитувчиларга ҳам тўланиши лозим бўлган моддий рағбатлантириш жорий этилмаган. Бу бўйича ҲУКУМАТ ҚАРОРИ ишлаб чиқилмаган”.

Дилором Тошмуҳамедова тарафидан таъкидланишича, меҳрибонлик уйларидаги болаларнинг 15-17 фоизи чин етимлар, кўп қисми ота-онасидан бири бор ёки ижтимоий етимлар ҳисобланади. Уларнинг 38 фоизи – ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганларнинг фарзандлари. Демак, шундай болаларни ҳам ўрганишлар асосида ўз ота-онасига қайтариш масаласини кўриб чиқиш лозимдир.

“Болалар уйларидаги 7 ёшгача бўлган болалар сонини ногиронлиги бўлган болалар ташкил этади. Уларни оилага асраб олишда имтиёзлар берилмаса, қулайликлар яратилмаса, соғлом болалар билан таққосланганда уларни асраб олиш қийин кечади”, дебди бечора Сенаторимиз.

Хуллас, ишлар шунақа, кўриб турибмизки, Сенатор Дилором Тошмуҳамедова ўз вазифаларига ЖУДА ЖИДДИЙ ёндошмоқда. Унга ёрдам зарур. Буни ҳамма, жумладан “Ҳаракат” Агентлиги ҳам бажариши керак. Келинг, ҳаммамиз бу аёлнинг ишларига ЖИДДИЙ ЁРДАМ берайлик!!!