07 September 2021
19:15 - Жуда қизиқ сенсация: Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи 21,8 млрд долларга етибди
Молия Вазирлиги 2021 йилнинг 1 ярим йиллиги учун ташқи қарз ҳолати ва динамикаси ҳақида маълумот бериб, давлат ташқи қарзи ЯИМга нисбатан қарийб 35 фоизни ташкил қилаётганини билдирибди.

Давлат қарзи қолдиғи жорий йил бошига нисбатан 858,6 млн долларга ёки 3,7 фоизга ошиб, 2021 йилнинг 1 июл ҳолатига 24,2 млрд долларни ёки Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) ҳажмига нисбатан 38,5 фоизни ташкил этибди.

Хуллас, қисқа қилиб айтсак, 1 июл ҳолатига кўра, давлат ташқи қарзи қолдиғи 21,8 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 34,7 фоизни, давлат ички қарзи қолдиғи 2,4 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 3,8 фоизни ташкил этди.

Давлат ички қарзи қолдиғи таркибида давлат қимматли қоғозлари, давлат томонидан кафолатланган ички қарз ҳамда давлат бюджетидан қайтариладиган ички мажбуриятлар қолдиғи акс эттирилган.

Изоҳланишича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат қарзи қолдиғи 858,6 млн долларга ошиши Ўзбекистон ҳамда давлат кафолати остида инвестиция лойиҳаларини ва давлат бюджети дефицитини молиялаштириш учун ташқи ва ички манбалардан жалб қилинган қарз маблағларининг ўзлаштирилиши, қарз мажбуриятлари бўйича асосий қарзнинг сўндирилиши ҳамда давлат қарзи портфели таркибидаги валюта курсларидаги ўзгаришлар билан боғлиқ.

1-ярим йилликда давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 1,1 млрд долларни ташкил этган. Шу пайтга қадар ярим йиллик давр учун қарзларни сўндириш харажатлари 1 млрд доллардан ошмай келаёган экан.

Молия Вазирлигининг бугунги хабари шу кунгача "Ҳаракат" Агентлиги бераётган изоҳларни тасдиқлабди. Кўрамиз, буёғи нима бўлади?