08 April 2021
00:44 - ЕХҲТнинг Амалдаги раиси Анн Линде Ўзбекистонга келади
Шу йилнинг 14 апрелида Ўзбекистонга ЕХҲТнинг Амалдаги раиси, Швеция Қироллиги Ташқи Ишлар Вазири Анн Линде (швед. Ann Christin Linde) бошчилигидаги делегация келиши кутилмоқда. Бироқ делегация ташрифи борасида расмий хабар эълон қилингани йўқ.

Делегация ташрифи давомида, шубҳасиз, мамлакатимиздаги фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашади. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти мазкур делегация вакиллари билан учрашувларда мамлакатда плюрализм муҳити, фуқаролик жамияти ва демократик институтлар эркинлиги борасида суҳбат қуришни режалаштирган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИнинг 1.1-бандида давлат бошқарувида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш масаласи акс этган. Шунга қарамай Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонуни ҳалигача такомиллаштирилгани, халқаро стандартлар даражасида ислоҳ қилингани йўқ.

Сиёсий партияларни рўйхатга олиш учун 156 миллион аҳолига эга Россия Федерациясида 500 нафар шахснинг имзоси кифоя қилади. Бу рақам ҳатто тоталитар Белорусь ва Туркманистонда ҳам 1000 нафар бўлгани ҳолда бизнинг қонунларимизда 20 000 нафарни ташкил қилади. Қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда эса сиёсий партиялар ташкил ыилиш учун амалда баръер йўқ.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИнинг муҳим банди ана шу масалага қаратилган экан, бу борадаги қонун ҳужжатлари аллақачон ўзгариши лозим эди.

ЕХҲТга аъзо давлатлардаги демократик жараёнларни ташкилотнинг Демократик институлар ва инсон ҳуқуқлари Бюроси кузатиб боради. Шу жиҳатдан ЕХҲТ делегациясининг ташрифи жуда муҳимдир.

2021 йилнинг биринчи ярмида ЕХҲТга Швеция раислик қилади. Амалдаги раис Анн Линде хоним эса швед ҳукуматида кўпчилик пакетга эга Ишчи социал демократлар вакилидир. 2019 йилнинг сентябридан бери Швеция ташқи ишлар маҳкамасига раҳбарлик қилаётган Линде хоним Европада таниқли сиёсатчидир.

Абдураҳмон Ташанов
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти раиси