06 April 2021
19:48 - Forbes дунёнинг энг бой миллиардерлари рўйхатини эълон қилди, биринчи ўринда Amazon асосчиси Жефф Безос
Forbes журнали дунёнинг энг бой миллиардерлари рейтингини эълон қилди. Рейтингда Amazon асосчиси Жефф Безос қаторасига тўртинчи марта етакчи бўлди. Унинг бойлиги 177 млрд доллар деб баҳоланди. Бу ўтган йилги рейтингдагига нисбатан 64 млрд долларга кўпроқ.

Безос ўтган йили бойлиги 12 хонали сон билан ифодаланган ягона инсон бўлганди, бу йил бундай инсонлар тўрт нафарга етди. Улардан бири ўтган йилги 31-ўриндан 2-ўринга кўтарилган Tesla асосчиси Илон Маскдир. Ўтган йили Tesla акциялари нархи 700 фоиздан ортиқроққа ўсди. Tesla акциялари ортидан Маскнинг бойлиги ҳам кўпайди: унинг бойлиги бир йил ичида 126 млрд долларга кўпайиб, 151 млрд долларга етди.

LVMH модалар уйи эгаси Бернар Арно учинчи ўринни сақлаб қолди: Forbes унинг бойлигини 150 млрд доллар деб баҳоламоқда - бу ўтган йилгига нисбатан қарийб икки бараварга кўп.
Microsoft ҳаммуассиси Билл Гейтс бойлиги 98 млрд доллардан 124 млрд долларга етишига қарамасдан, рейтингда иккинчи ўриндан тўртинчи ўринга тушди.

Энг бой миллиардерлар рейтингида Facebook асосчиси Марк Цукерберг 97 млрд доллар бойлик билан бешинчи ўринга жойлашди. У ўтган йили 7-ўринда бўлиб, бойлиги 54,7 млрд доллар деб баҳоланганди.

Шунингдек, инвестор Уоррен Баффет (96 млрд доллар), Orаcle асосчиси Ларри Эллисон (93 млрд доллар), Google асосчилари Ларри Пейж (91,5 млрд доллар) ва Сергей Брин (89 млрд доллар) ҳамда ҳиндистонлик бизнесмен, Reliance Industries эгаси Мукеш Амбани (84,5 млрд доллар) юқори ўнталикка кирди.

Хуллас, Forbes рейтингида ҳаммаси бўлиб 2755 нафар миллиардер жой олибди. Бу 2020 йилдагига нисбатан 660 нафарга кўп. Уларнинг жами бойлиги ўтган йил давомида 64 фоизга кўпайиб, 13,08 трлн долларга етибди.