18 February 2021
16:28 - Халқаро Валюта Жамғармаси: Ўзбекистон ҳукумати давлат корхоналари учун бир қатор имтиёзлардан воз кечиши кераклигини урғулаган

Халқаро Валюта Жамғармаси (ХВЖ) Ижрочилар Кенгаши 2021 йилда Халқаро Валюта Жамғармаси тўғрисидаги шартноманинг IV моддасига асосан, Ўзбекистон бўйича маслаҳатлашувларнинг якуний хулосасини маълум қилибди.

ХВЖ хулосаларида Ўзбекистон сўнгги бир неча йил ичида яхшиланишларга қаратилган ишлар қилган бўлса ҳам, ҳали қилинадиган ишлар кўплиги урғуланибди. Энди, яна бир қатор нарсалар қилиш кераклиги алоҳида таъкидланибди.

Масалан, “Очиқ ва рақобатбардош бозорлар давлат харажатлари самарадорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Бизнес ва тадбиркорлик муҳитини тартибга солиш тизимини соддалаштириш ва энг муҳими, прогноз қилиш қобилияти ва барқарорликни ошириш керак, чунки тез-тез ва бир марталик ўзгаришлар инвесторларни мамлакатга кириб келишдан тўхтатиб туради” дейилибди ХВЖнинг қарорида.

Табиий газ ва электр энергиясининг улгуржи бозорларини ташкил этиш режалаштирилган энергия самарадорлигини ошириш ва паст даражадаги субсидияларни йўқ қилиш йўлидаги муҳим қадам бўлиши айтилган, Жаҳон Савдо Ташкилотига кириш жараёнини қайта тиклаш ва Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи бозорларига киришини кенгайтириш савдо интеграциясини осонлаштириши ва Ўзбекистондаги бизнес ва истеъмолчиларга фойда келтириши алоҳида урғуланган.

Жорийдаги йилнинг 29 январ куни Вазирлар Маҳкамаси хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар ва хизматларнинг давлат харидларидаги иштирокини чеклашни назарда тутувчи “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора- тадбирлари тўғрисида”ги қарор тасдиқланган ва бу қарорга озиқ-овқат, электротехника, кимё саноати, тўқимачилик, транспорт эҳтиёт қисмлари, пластмасса, қоғоз, керамика, шиша, металл буюмлар ва бошқа турдаги маҳсулотларнинг 529 хили киритилганди.

Демак, ХВЖ шуни ҳам етарсиз деб ҳисобломоқда ва янги таклифлар киритмоқда экан. Ўзбекистондаги режим бу нарсаларни ҳам ҳисобга олиши керакка ўхшамоқда.