21 January 2021
04:43 - Буюк Британиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро элчиси Рита Френч хоним билан “Эзгулик” лидери Абдураҳмон Ташанов мулоқот қилди
Кеча Тошкентда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти раҳбари, Инсоннинг Конституциявий Ҳуқуқ ва Эркинликларига Риоя Этилиши бўйича Комиссия аъзоси Абдураҳмон Ташанов Буюк Британия ҳукуматининг Инсон Ҳуқуқлари бўйича Махсус элчиси Рита Френч (Лондон) хоним ҳамда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тим Торлот (Тошкент) билан суҳбатлашди. Элчи хоним Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти, муаммо ва ютуқлар, мамлакатда фуқаролик жамиятининг аҳволига доир саволлар берди.

“Эзгулик” фаолига кўра, мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти аввалги даврга қараганда бироз яхшиланган, аммо муаммолар жуда кўп. Сўз эркинлиги, мажбурий меҳнат ва диний эркинликлар борасида бироз ютуқлар бор.

Аммо сиёсий плюрализм муҳити, қийноқлар ва корруция масаласида долзарб муаммолар жуда кўп. Фуқаролик жамияти аъзоларининг фаоллиги бу масалаларда деярли сезилмайди, у ерда ёлғиз жорийдаги президентгина ўзини ташаббускор қилиб кўрсатиш бўйича бир нарсалар қилаётгандек қилиб кўрсатиш билан машғул.

“Муҳими демократик Ғарб билан сиёсий-иқтисодий интеграциялар темпи тушмаслиги лозим. Тажриба ва вақт шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти кўп жиҳатдан демократик ҳамжамият билан ўзаро алоқалар даражасига ҳам боғлиқ”, дебди Абдураҳмон Ташанов сўнги тушунтиришларида.