20 November 2020
13:16 - Масхарабозлик давом этмоқда: Ўзбекистон парламентида инсон ҳуқуқлари бўйича ҚЎШМА КОМИССИЯ иш бошлади, аммо ундан фойда борми, бўладими?

Мамлакат бошлиғи Шавкат Мирзиёнинг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида Олий Мажлис палаталарига инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссиясини тузиш тавсия этилганди.

Айнан шу тавсия бўйича 25 сентябрь куни Сенат ва Қонунчилик Палатасининг қўшма мажлисида инсон ҳуқуқлари масалалри билан шуғулланадиган ҚЎШМА КОМИССИЯ тузилган ва унга Қонунчилик Палатасининг биринчи ўринбосари Акмал Саид раис этиб, Сенат раисининг ўринбосари Зайниддин Низомхўжа раис ўринбосари этиб тайинлангани ўша куниёқ Инсон Ҳуқуқлари бўйича Миллий Марказ матбуот хизмати хабар қилинганди.

Бу қўшма коммиясиянинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат эканлиги ҳам айтилган эди:

- инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилган сиёсатни амалга оширишда иштирок этиш;

- инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка жорий қилиш;

- инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантириш;

- инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий ҳаракат режаларини сифатли бажариш, бунда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш.

Мана бугун парламентнинг юқори палатаси – Сенат ўз ишини бошлади, аммо Қўшма Комиссия қаерда? У ҳам бу Сенатга қандайдир ҳисобот тайёрладими? Комиссия ўз фаолиятини очиқладими?

Йўқ, ҳеч нарса қилгани йўқ, қилмоқчи ҳам эмас. Демак, Ўзбекистон ҳали ҳам ФУНДАМЕНТАЛ ислоҳотларга муҳтож. “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг бундай ислоҳотлар ўтказиш таклифига ҳеч ким эътибор бераётгани йўқлиги ҳам муҳим воқеа.