11 October 2020
21:36 - Литвадаги ўзбек аудитор - ишни қассобликдан бошлагани, ростгўй литваликлар ва ўзбекларга муносабат ҳақида
Kun.uz'нинг «Хориждаги ўзбеклар» рукнида бу гал Литвада яшаётган ҳамюртимиз Жамолиддин Салимов ўз тажрибаси билан ўртоқлашади.

32 ёшли Жамолиддин Салимов Наманган вилояти Косонсой туманида туғилган. Тошкент ислом университетини халқаро иқтисодиёт йўналишида тамомлаган.

Бир муддат Косонсой туман давлат солиқ инспекциясида ишлаган ҳамюртимиз айни пайтда Литвадаги «Halol Control Lithuania» компаниясида аудитор сифатида фаолият олиб бормоқда.
«Бу ерга келганимга 2 йил бўлмади. Яқин келажагимни шу мамлакат билан боғлаяпман. Шу ерда ўз бизнесимни йўлга қўйиш ниятим бор», – дейди у.

«Аввалига қассоблик билан шуғулландим»

- Болалигимда футболчи бўлишни орзу қилганман. Дарвозабонликка ҳавасманд эдим. 6-7 йил футбол мактабига қатнадим. Шуни давом эттирганимда, миллий жамоамиз дарвозабонларига рақобат қила олардим (кулади). Биласиз, ёш йигитнинг орзулари ўзгарувчан бўлади. Лицейдаги ўқишим давомида божхоначи бўлишни истаб қолдим. НамМИИда (халқ тилида "текстиль") ўқишни бошлаганимда божхоначи бўлишимга 80 фоизга ишонгандим, лекин 1 ой таътилни Тошкентда акамнинг ёнида, унинг новвойхонасида ёрдамлашиб ўтказдим. Ана шу бир ой ҳаётимга ўзгаришлар киритди. Орзуларим ва реаллик бошқа-бошқа йўллардан кетди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Ватандан кетишимга сабаблар жуда кўп. Ўша пайтлари иш жойимда ибодат қилиш учун имкон йўқлиги, ота-онамни Ҳаж сафарига юбориш истаги (Ўзбекистонда имкониятим чегаралангани ва навбатнинг узунлиги муаммо эди), моддий жиҳатдан оёққа туриш ва албатта, оиламга кўмак бериш.

Менда ўша пайтда икки мамлакатга бориш имконияти бор эди: Италия ва Литва. Танловда иккиланиб ўтирмадим, чунки, биринчидан, отам шу ерда хизмат қилганлар ва мен учун бу давлат оз бўлса-да таниш эди. Иккинчидан, мулоқотда муаммо бўлмасди – рус тилини ҳамма тушунади.

Литвага қассоблик (товуқ сўйиш) касби билан келганман, 6 ой ишлаганимдан сўнг, ишлаётган фирмам аудитор сифатида ишлашга таклиф қилишди. Таклифга рози бўлдим, ахир фаолиятимдаги ўсиш эди бу!

«Яшаш тарзи Ўзбекистондагидан бутунлай фарқли: литваликлар фақат бугуни билан яшайди»

- Литва аҳолиси 3 млн атрофида. Давлат бюджети асосан катта компаниялар тўлайдиган солиқ орқали тўлдирилади. Аграр соҳада илғор: рапс, гречка ва буғдой экспорт қилинади. Бу ерда байрамлар жуда кўп. Байрамлар баҳона одамлар жума ва дам олиш кунлари дам олишади – кўп ичишади. Мен кўрганим энг ёмон иллати шу.

Литва – Европа Иттифоқи аъзоси эмас, шу сабабли иттифоқ давлатларидан фарқли жиҳатлари бор. Нарх-навода, яшаш даражасида бироз ортда қолиши мумкин, аммо бу мамлакат камбағал ва турмуш даражаси паст, дегани эмас. Билъакс, бу ерда кишилар фаровонликда яшайдилар. Одамлари оғир-босиқ ва вазмин, агрессивлик жуда камдан кам ҳолатларда намоён бўлиши мумкин.

Бу ерда адолат борлигини сезиш қийин эмас. Одамлар деярли ёлғон ишлатишмайди. Устозимиз айтганидек, «Европада ислом бор-у, иймон йўқ...»

Яшаш тарзи Ўзбекистондагидан тубдан фарқ қилади. Одамлар фақат бугуни билан яшайди. Эрта ҳақида кўп ҳам қайғуришмайди. Пул топиш учун имкониятлар жуда кенг. Мамлакат иммигрантларга муҳтож – ишчи кучи, малакали кадрлар етишмайди. Литва аҳолиси тобора камайиб бормоқда.

Бизнес очиш ва юритиш учун ҳам имкониятлар кўп. Асосийси, бирор ишни очиб, йўлга қўйиб олсангиз кифоя, турли органлар томонидан халақит берилмайди, аксинча, фақат ёрдамни кўришингиз мумкин. Масалан, нуфузли HCL компанияси раҳбари Ўзбекистондан эканини айтишим мумкин.

Литвада 5-6 хил тилдаги мактаблар бор. Бу ерда хориждан келганлар ҳам тил ўрганиши ва фарзандлари исталган тилда таълим олиши учун шароитлар бор. Мактаб ва бошқа таълим масканларида форма деган нарса йўқ, асосий урғу таълим сифатига қаратилган. Тиббиёти ҳам биздан олдинда. Врач рецептисиз дори сотиб ололмайсиз, барча масъулият врачлар бўйнида.

Яшаш даражаси бўйича Евроиттифоқ мамлакатларидан сал пастроқ, дедим, бироқ Болтиқбўйи мамлакатлари орасида айнан Литва бу борада етакчидир. Ўртача ойлик маош эса 700-800 евро. Аммо бу юқори нуқта эмас. 2000-2500 евро маош оладиган миллатдошларимиз бор.

Бу ерга келганимга 2 йил бўлмади, ҳозирча ўрганиш жараёни кетяпти. Мослашишга эса улгурдим. Яқин келажагимни шу мамлакат билан боғлаяпман. Шу ерда ўз бизнесимни йўлга қўйиш ниятим бор.

Мигрантларга, хусусан ўзбекларга муносабат

- Кўпчилик юртдошларимиз чет давлатга кетишдан аввал ўша боражак мамлакатларида мигрантларга муносабат қандай экани ҳақида ўйлашади. Бу жуда муҳим жиҳатлардан бири. Чунки инсон борган жойида эмин-эркин, тазйиқ ва камситишларга учрамай яшаши лозим. Фаровонликда кун кечирсагина, олдига қўйган мақсадларига эришиши, ривожланиши осон кечади.

Ўзбекистондан ва бошқа давлатларидан келган мигрантларни Болтиқбўйи мамлакатларида жуда кўп учратиш мимкин, тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтаманки, бу ерда қонун устувор – қонунлар ишлайди (!), иложи борича қонун-қоидаларга бўйсуниш, қонунбузарликларга йўл қўймаслик лозим.

Бизникилар қизиққон, салга асабийлашамиз, жаҳлимиз тез, ана шу жиҳатлар ишимизни пачава қилмаслиги керак. Имкон қадар оғирроқ бўлиш, атрофдаги инсонлар ва табиатга эҳтиётлик билан муносабатда бўлиш, ҳамма нарсани авайлаш зарур. Ва шу билан бирга, сифоятимизга хос бўлган жиҳатларни йўқотмаслигимиз ҳам муҳим. Ахир миллатимизнинг яхши сифатлари жуда кўп.

Мигрантлар билан маҳаллий аҳолининг деярли иши йўқ. Бир мисол айтаман: бу ерда жамоат транспортларида нақд пул ва ойлик чипталарни харид қилиб ҳаракатланиш мумкин. Мутасаддилар ора-сира рейдлар уюштириб, қуёнларни аниқлашади. Бир ҳамюртимиз чиптасиз юриб, ана шундай рейдларнинг бирига тўғри келиб қолган. Унга жарима солишдан аввал полициячи унинг қаерданлигини сўраган. Акахонимизнинг Самарқанддан эканини билгач: «Очень красивый город, я там служил» (Жуда чиройли шаҳар, мен ўша ерда хизмат қилганман), деб, огоҳлантириб, қўйиб юборибди.

Балки бу биргина воқеа сизга умумий картинани тўла очиб беролмас, лекин айтишим жоиз, бизникиларга муносабат яхши.

«Гастарбайтер – ёмон сўз эмас!»

- Ҳозирда гастарбайтер деган сўзни кўп эшитамиз. Литванинг ўзидан кўпчилик Буюк Британия, Норвегия, Швеция ва бошқа давлатларга яшаш ва ишлаш учун кўчиб кетади. Мигрантларга қора ишчи ёки «2-сорт» одам сифатида эмас, балки тенг хуқуқли инсон сифатида қараш керак.

Гастарбайтер сўзини кўпроқ негатив ва камситиш деб қабул қилишларига келсак, бу гуруч орасидаги айрим курмаклар туфайлидир. Оддий, қора ишларни бажараётган инсонларнинг ҳам ўзига яраша тақдири, орзу-нияти, ақидаси бор. Ксенофобия ёмон – айрим мамлакатларда мигрант ва ўз миллатдоши бир хил жиноят қилса, турлича талқин қилиш кўп учрайди. Бу хато. Литвада бунга гувоҳ бўлмадим.

Боя айтганим, курмаклар эса ҳар жойда учрайди. Бир аҳмоқни деб бутун миллат ҳақида хулоса қилиш ёки ҳаммани бирдек деб ўйлаш тўғри эмас. Менимча, бунинг ҳаммаси вақт ўтиши билан ўз изига тушади.

«Яқин 20-30 йиллик режаларим Литва билан боғланган»

- Мусофирчилик осон эмас. Машаққат шундаки, яқинларингизни соғинасиз, улардан узоқда, фарзандларингизни бағрингизга босолмайсиз, ота-онангиз ҳолидан хабар ололмайсиз. Мусулмонлар озчиликни ташкил қиладиган давлатда яшаш осон эмас – ҳалол овқат топиш бирмунча қийин, фарзанд тарбиясига жуда эҳтиёт бўлиш зарур, ҳар ҳолда менталитет, қарашлар буткул фарқли.

Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ҳозирча ўйламаяпман. Ҳа, бир кун Ватанга қайтиб бораман, насиб бўлса. Аммо ҳозирча, мақсадларим сари интиляпман. Уларга эришиш учун машаққатли йўлни босиб ўтишим лозим. Бу ерда тўплаган тажрибамни Ўзбекистонда ҳам қўллаш ниятидаман.

Ўзбекистон анчагина салоҳиятга эга давлат бўла туриб, иммиграция жуда жадал ўсмоқда. Менга қолса, иммигрант камайгани маъқул, аммо ҳозирги Ўзбекистон шароитида бунинг иложи йўқдек кўринмоқда. Қолаверса, глобаллашув биргина бизнинг мамлакатга эмас, дунёга таъсир қилмоқда. Келажакда мамлакатлар ўртасидаги чегаралар шартли ҳолатга айланиб қолади, фикримча.

Оиламни олиб келиш ва бирга яшаш учун имконият етарли. Тез орада улар билан бирга бўламан, насиб бўлса. Юқорида айтганимдек, яқин орада бу ерни тарк этиш ниятим йўқ. Яқин 20-30 йил, яшаб турсак, режаларим Литва билан боғланган.

Менинг шу даражага етишим Аллоҳдан, ота-онам эса асосий сабабчилардир. Онам бу дунёни тарк этганлар, отам эса нафақадалар. Оддий оиланинг оддий фарзандиман. Менга тарбия берган, йўл кўрсатган, дуода бўлиб турган, доим қўллаб-қувватлаган ота-онамдан чексиз миннатдорман. // Kun.uz