04 July 2020
19:08 - Ўзбекистонда ҳақиқий бахслар бошландими: «Акфа» университетига қарийб 30 гектар ерни доимий фойдаланишга бериш кўзда тутилган қарор лойиҳаси танқид қилинди
Акфа университети фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид қарор лойиҳасида «Рақобат тўғрисида»ги қонун, солиқ ва ердан фойдаланишга оид қонунларнинг қатор нормалари бузилаётганлиги айтилмоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига «Акфа Университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Хусусан, лойиҳада Университетга Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Унқўрғон ҚФЙ, Парвоз МФЙ ҳудудида жойлашган, Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли «Манзарали боғдорчилик ва гулчилик» МЧЖ балансида бўлган 29,48 га ер майдонини доимий фойдаланишга ажратиб бериш назарда тутилган.

«Муносабат» кўрсатувининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган навбатдаги сонида иқтисод фанлари доктори Барногул Санақулова Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қарори лойиҳасига муносабат билдирди.

Қарорда Акфа университетига Тошкент вилоят ҳокимлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда университетга замонавий ўқув бинолари, ўқув-амалиёт бинолари, кампуслар, спорт иншоотлари қуриш ва жиҳозлаш учун Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Унқўрғон ҚФЙ, Парвоз МФЙ ҳудудида жойлашган, Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли «Манзарали боғдорчилик ва гулчилик» МЧЖ балансида бўлган 29,48 гектар ер майдонини доимий фойдаланишга ажратиб беришни таъминлаш айтилган.

«Аввало, шундай муҳим қарорларни муҳокама қилиш имконига эга бўлганимиздан хурсандман. Лекин ҳозир бу ерда ҳар бир гектари қиммат баҳоланадиган ер ҳақида гап кетяпти.

Қайси халқаро университет, Cambridge ёки Oxford билан ҳамкорлик қилишининг аҳамияти йўқ, Акфа университети ҳам хусусий ташкилот ҳисобланади. Бу ерда мақсад пул тикиш ва ундан фойда олиш», - дея қайд этди Барногул Санақулова.

Иқтисодчи «Агар шундай бўлса, мен ҳам хусусий университет очишим ва давлатдан 30 гектар ер ва солиқ имтиёзлари сўрашим мумкинми?», - деган фикрни билдирди.

Бундан ташқари, Барногул Санақулова қарор лойиҳасида имтиёзлар тақдим этилаётгани учун Акфа университетига 300-400 нафар кам таъминланган талабаларни тўловсиз ўқитиб бериш мажбурияти ҳам кўрсатилмаганини танқид қилди.

«Бу қарор лойиҳасида «Рақобат тўғрисида»ги қонун, солиқ қонунчилиги, монополияга қарши курашиш қонунчилиги тартиблари, «Ердан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунларнинг бир неча ўринлари куппа-кундуз куни бузиляпти», - дея қайд этди иқтисодчи.

Шунингдек, қарор лойиҳасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Манзарали боғдорчилик ва гулчилик» МЧЖга қарашли мулкларни бузиш, дарахт кўчатларини Тошкент шаҳрига экиш учун кўчириш ишларини ташкиллаштириши кўрсатилган.

Бу бандга ҳам Барногул Санақулова ўз фикрини билдириб, нега ерни очиб, дарахтларни кўчириб бериш ҳам давлат ҳисобига – Тошкент шаҳар ҳокимлигига топширилаётганини танқид қилган.

Мазкур қарор лойиҳасига иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров муносабат билдирар экан, хизматлари ва ўқиш пуллик бўлган хусусий мақомдаги университетга 29,48 гектар ер майдонини текинга доимий фойдаланишга ажратиб берилиши тўғри эмас, ўша атрофдаги ернинг бир сотихи 7 минг доллар туришини айтади.

«Манзарали боғдорчилик ва гулчилик» МЧЖга қарашли мулкларни бузиш, дарахт кўчатларини Тошкент шаҳрига экиш учун кўчириш Тошкент шаҳар ҳокимлиги зиммасига юклатилган. 30 гектар ердаги мулкни бузиш ва дарахтларни кўчириш солиқ тўловчилар ҳисобига тушади», - дейди О.Бакиров.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ҳукумат қарори билан Акфа университети 2022 йил 1 январга қадар барча турдаги солиқларни тўлашдан, шунингдек Университетни жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича «Akfa Medline» МЧЖ ва Университет томонидан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар (шу жумладан, лаборатория ускуналари), компьютер техникаси, мультимедиа маҳсулотлари, тиббиёт тренажёрлари, адабиётлар, қурилиш материаллари ва инвентарь божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинган.

Куни кеча Монополияга қарши курашиш давлат қўмитаси томонидан норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойланган ҳужжат лойиҳасида “Akfa Medline” МЧЖ ва Akfa университетига берилган солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш таклиф этилган.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади

Манба: Kun.uz