25 June 2020
21:25 - Узоқ йиллар сафдошимиз бўлган улуғ олим ва сиёсатчи Бек Ойбекўғли Тошмуҳаммад бугун оламдан ўтди ва дафн этилди

Бугун 24-чидан 25-чи июнга ўтар кечаси машхур ўзбек олими Бек Ойбекўғли Тошмуҳаммад 85 ёшда оламдан ўтди. Биология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар Академияси аъзоси, “Бирлик” Халқ Ҳаракати асосчиларидан ва маълум вақт раисдошларидан бири бўлган бу улуғ сиёсатчи, яъни миллатимизнинг асл жонкуярларидан бири - 1935 йил 27 январда туғилган эди. Ҳа, улуғ олим Бек Тошмуҳаммад - замонавий адабиётимизнинг асосчиларидан бири Ойбекнинг ўғли бўлган.

“Бирлик” Халқ Ҳаракати оёққа туришида, кейинчалик мустақиллик учун кураш йилларида, Бек ака улуғ ишлар қилгандилар, сўнги йилларда жонкуярлик кўрсатиш учун имконлар бўлмаган бўлса ҳам, у улуғ инсон ҳеч бир тўхтамасдан ҳаракат қилишни давом эттирдилар.

Бир неча ой аввал “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясига айланган бу ташкилотни қайтадан тиклаш ишларига қўшилишни таклиф қилиш учун бу партия лидери Абдураҳим Пўлат АҚШдан телефон қилиб, у улуғ инсонни бу мухолифат ташкилотига қўшилишни таклиф қилди. Аммо, ҳозир 85 ёшга кираётганларини айтган Бек ака у таклифни қабул қилолмасликларини, ҳозир кейинги дунёдан яшаш муаммолари билан машғул эканликларни урғулаб, бу таклифни қабул қилмаган эдилар. Кўриб турибмизки, у буюк инсон ростдан ҳам кейинги дунё муаммолари устида ўйлаш билан машғул бўлганлар.

Оллоҳ у кишини бугун кечаси у дунёга олиб кетди. Бу ҳақда вақтида хабар ҳам беролмадик. Марҳумга Оллоҳ раҳматини берсин, у дунёда – жаннатда тинч яшасинлар. Вақти келади, ҳаммамиз бирга бўламиз.

Айни замонда, у кишининг яқинларига, сафдошларига чуқур таъзия билдирамиз, сабр ва қаноат тилаймиз.

Бугун пешин намозидан кейин академик Бек Ойбекўғли Тошмуҳаммаднинг жасади Чиғатой қабристонида тупроққа берилди.