20 May 2020
19:21 - Афғонистонда террористлар Парван вилоятида бир масжидга ҳужум қилиб, 11 кишини ўлдирдилар. Шавкат Мирзиё қаерда эди?
Бу мамлакатда инглиз тилида ҳам тарқатиладиган Tolonews.com Интернет нашри хабар қилишича, 20 май куни саҳар соатларида Афғонистоннинг шимолий қисмидаги Парван вилоятида бир масжидга ҳужум қилган террористлар 11 кишини ўлдирдилар, 6 кишини ярадор қилдилар.

Ҳалазаи қишлоғидаги масжиднинг атрофида яшайдиганларнинг айтишича, улар террористлар масжидга ҳужум қилганини кўрганлар, уларни баъзиларининг яқин қариндошлари ҳалок бўлган.

“Агар улар “Толибон” фаоллари бўлса, улар айнан шу ташкилот фаолларини ўлдиришлари керак эди, бизни эмас”, дебди шу қишлоқда яшайдиган Эваз Муҳаммад исмли бир мусулмон.

Бундай ҳолларда, дейди мухбиримиз, биз хабарларимизни “Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё қаерда эди?” деган савол билан тугатамиз. Чунки, айнан Шавкат Мирзиё 2 йил аввал Афғонистонда тинчликка эришиш учун “Толибон” билан музокаралар олиб бориш кераклигини гапирган ва 2018 йил апрель ойида Тошкентда шу мавзуга бағишланган халқаро конференция ўтказган эди. Айнан ўшанда, АҚШнинг “Толибон” билан бош музокарачиси шу йўналишдаги ишларини тезлаштиришга ваъда берган эди.

Мана, орадан 2 йил вақт ўтди, ҳеч нарса ўзгармаяпти. Демак, энди биз қўйган саволга жавобни Шавкат Мирзиёдан талаб қилиш керак.