31 December 2019
19:30 - “БИРЛИК” ХАЛҚ ҲАРАКАТИ ПАРТИЯСИНИНГ янги 2020 ЙИЛ ТАБРИГИ

Ҳаммани, биринчи навбатда, бутун Ўзбекистон халқини ва бутун дунё ўзбекларини янги 2020 йил билан чин кўнгилдан табриклаймиз! Ҳамма ўз орзуларига етишини истаймиз ва шундай бўлади деб умид қиламиз!

Яхши ният – ярим мол, дейиш билан чекланиш ниятимиз йўқ, чунки, ҳолва деган билан оғиз чучимаслиги ҳам кўпчиликка маълум. Демак, орзулар амалга ошиши учун курашишимиз керак, тўғрироғи, шарт.

“Бирлик” Халқ Ҳаракати улуғ мақсадлар билан 1989 йилда яратилган. Асосий мақсадлар – ўзбек тилини давлат қилиш, Ўзбекистонни мустақилликка қовуштириш бўлган. Иккала мақсадимиз ҳам амалга ошди, аммо давлатимиз бошига ташқаридан ўтқазилган диктаторлар Ўзбекистонни ўлим йўлига судраш билан машғуллар.

Курашимизни янада самаралироқ қилиш ниятида, 2003 йилда “Бирлик” Халқ Ҳаракати асосида “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясини яратдик. Мавжуд режим ҳалигача бизни тан олмади, Ўзбекистонда ҳамма нарса эски йўналишда олиб борилмоқда. Мана, 2019 йил 22 декабрда парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар эски усуллар билан ўтказилди. Айнан ўша эски усуллар билан ҳукумат яратилади, боши берк кўчадан кетаверамиз.

Демак, курашимизни ҳеч тўхтатмасдан давом эттираверамиз. Зотан, кураш тўхтамасдан давом этмоқда.

“Бирлик”нинг ҳозирги асосий мақсадлари - мамлакатимизда ҳақиқий парламент, ҳақиқий маҳаллий кенгашлар ва ҳақиқий мустақил оммавий ахборот воситаларига асосланган ҳақиқий демократик тизим яратиш ҳамда Ўзбекистонни тўла бозор иқтисодиётига ўтказишдир. Булар осон ишлар эмас, аммо қилиш мумкин бўлган ишлар ва албатта уларни қиламиз.

Унутмайликки, Ислом дини Қуръоннинг ўрта асрлардан аввал қилинган хато тафсири билан яшамоқда. Демак, Қуръонни қайтадан тафсир қилиш ва динимизда фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ҳам керак.

Мудҳиш СССР замонида олдимизга қўйилган улуғ мақсадларга эришган эканмиз, ҳозирги мақсадларга ҳам албатта эришамиз. Янги 2020 йил бу мақсадларни амалга ошириш йўлида муҳим босқич бўлади. Бу босқични ҳам шараф билан босиб ўтамиз.

Ҳамма ҳақиқий инсонларни бу мақсадларни амалга оширишда биз билан ҳамкорлик қилишга чақирамиз. Бирга бўлсак, ҳамма ишларни қилоламиз.

31 декабрь 2019 йил