16 September 2019
07:15 - Ўзбекистонда сайловолди кампанияси феълан бошланди, Шавкат Мирзиёнинг буйруғи билан энди мавжуд режимга нисбатан танқидий хабарлар бўлмайди
Ҳа, айнан шундай, Ўзбекистонда расман эълон қилинмасдан, сайловолди кампанияси бошланди. Энди мавжуд режимга нисбатан танқидий хабарлар Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида бўлмайди. Лекин, Ўзбекистонда Шавкат Мирзиё раҳбарлигида ҳукмронлик қилаётган тожиклар режими турли сохта маълумотлар билан ўзининг қўғирчоғи бўлган оммавий ахборот воситалари орқали кимларгадир нисбатан танқидсимон руҳда бўлган сохта хабарлар тарқатавериши мумкин. Асосий хабарлар эса, мавжуд режимни олқишлаш руҳида бўлади.

Мана, охирги кунларда айнан шундай воқеаларни кўрмоқдамиз. Қаранг, Ўзбекистондаги қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари мавжуд режимнинг ўзи йўқ ишларини, яъни амалда бўлмаган ишларини олқишлаш билан машғул бўлмоқдалар. Мустақиллик Кунининг арафасида ЎзА ва Kun.uz каби сайтларда сал кам ҳар куни мавжуд режимнинг камчиликларнини фош қилувчи даҳшатли хабарлар эълон қилинмоқда эди. Ҳозир бунақа нарсаларни тополмайсиз. Охирги кунларда ҳамма хабарлар режимнинг хизматчилари ва уларнинг қўғирчоқларини мадҳ этишга бағишланмоқда. Мана баъзи мисоллар.

* * * * *

- Авваламбор айтиш керакки, Ислом Карим замонида яратилган анъана давом этмоқда, хабарларнинг катта қисми спорт ва санъат соҳасига бағишланган. Табиий, ҳамма хабарларда спорт ва санъат соҳасида зўр эканлигимиз мадҳ этилмоқда.

- Бу кунларда кўпчилик хабарлар Қўқонда ўтаётган Халқаро Ҳунармандчилик Фестивали ва шунга ўхшаш халқаро тадбирлар атрофидаги воқеалар ва бу воқеаларда Ўзбекистон ўзини зўр қилиб кўрсатаётгани ҳақида.

- Қаранг, кеча тарқатилган хабарларга кўра, Шавкат Мирзиё Лотин Америкадаги Гватемала, Никарагуа, Коста-Рика ва Гондурас каби мини-давлатларнинг раҳбарларини Мустақиллик Куни билан табриклабди. Бу ҳақда расмий хабарлар тарқатилди.

- ЎзА хабар беришича, Тошкент кўчаларини миллийлик уфуруб турган чироқлар безаб турибди.

- Мана, яна жуда қизиқ бир нарса. Сўнги кунларда Ўзбекистонда ҳеч қандай авто ва бошқача ҳалокатлар юз бермабди, ҳеч ким ҳалок бўлмабди. Тўғри, 12 сентябрда исми айтилмаган бир автомобиль ҳайдовчиси Тошкентда исми айтилмаган одамни уриб кетибди, у ҳалок бўлибди. Айбдор айнан ўша йўловчининг ўзи эмиш. Аммо, Қозоғистоннинг Шамалған станцияси яқинида бир автобусни поезд уриб кетгани ва автобус ҳайдовчиси ҳалок бўлгани ҳақида бизда батафсил хабар тарқатилди. Мана ғариб аҳволимиз!

- Шу кунларда Ўзбекистон Мусулмонлар Идорасининг раиси, муфтий Усмонхон Алимов ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқатилди. 1 кун ўтмасдан бу хабар ёлғон эканлиги айтилди. Мана, Ўзбекистонимизда хабарчиликнинг аҳволи!

- 14 сентябрь куни Тошкент шаҳри Яккасарой тумани “Ракат” жоме масжидининг янги биносига биринчи ғишт қўйиш тадбири бўлиб ўтгани, 1954 йили шу ерда биринчи масжид қурилгани, аммо у ҳозир ёмон аҳволда бўлгани сабабли бузиб ташлангани ва янги масжиднинг пойдеворига биринчи ғишт қўйилгани хабар қилинди. Аммо, бу хабарга қўйилган расмда масжиднинг бетон пойдевори қуриб бўлингани ва ундан чиқиб турган темир арматуралар кўриниб турибди. Мана, Ўзбекистонда хабарчиликнинг аҳволи!

Бундан ташқари, Ўзбекистон Мусулмонлар Идорасининг расмий сайтида берилган хабарда қуйидаги жумла ҳам ишлатилган: “Давлатимиз раҳбари қайси ҳудудга ташриф буюрмасинлар масжид-мадрасалар, зиёратгоҳларни обод этишга жуда катта эътибор қаратмоқдалар.” Яъни, шу хабарга ҳам масхарабозлик руҳи берилган.

- Шавкат Мирзиё 14 сентябрда Қўқонда Халқаро Ҳунармандчилик Фестивалининг тантанали очилишида нутқ сўзлагани ҳам хабар қилинди, аммо амалда фестивал 2 кун аввал иш бошлагани тилга ҳам олинмади. Фестиваль расман кеча, 15 сентябрда ёпилди. Мана, Ўзбекистонда хабарчиликнинг аҳволи!

- Қаранг, Ўзбекистонда биронта ёмон воқеа бўлгани умуман тилга олинмайди. Танқид деган нарса йўқ. Бўш қолган жойларни тўлдириш учун бўлса керак, 2004 йили Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ раҳабарлигида яратилган биринчи исломий сайт асосида яна кўплаб сайтлар очилгани, улардан бирини Шайхнинг қизи Одинахон Муҳаммад Содиқ бошқараётгани ва бу қизнинг буюклиги ҳақида Kun.uz сайти хабар тарқатди. Хабарнинг шармандалиги шундан иборатки, Ўзбекистон дунёвий/секуляр давлат ва бизда динни реклама қилишга ўхшаб олқишлаш қонунларга зиддир.

* * * * *

Тўғрисини айтиш керак, баъзи хабарларда танқид қилиш элементлари ҳам бор. Масалан, 14 сентябрда “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик Палатаси ва Сенати Кенгашининг қўшма мажлисида муҳокама қилинди ва тасдиқланди.

Муҳокама давомида сўзга чиққан “Ёшлар, Маданият ва Спорт Масалалари Қўмитаси” раиси, кадда-Сенатор Иқбол Мирзо 2018 йилда бу масалага жиддий эътибор қаратилиб, Сенатда тегишли қарорлар қабул қилингани, аммо ўша пайтда дабдабалар бироз пасайган бўлса-да бугун яна ўша-ўша бачканалик, манманлик, пул сочиш, қатор-қатор машиналарда сайр қилиш ҳолатлари авжга чиққанини айтиб, аслида, ўз қарорлари амалга ошишини назорат қилолмаган Сенатни яхшигина танқид қилди ва бу ҳақда хабарлар ҳам тарқатилди.

* * * * *

Кўриниб турибдики, Ўзбекистонда Шавкат Мирзиё раҳбарлигида ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари аввалги ойлардаги танқид элементларини тўхтатиб, тамомийла режимни мадҳ қилиш йўлига ўтиб олдилар. Хўш, Шавкат Мирзиё буни қандай амалга оширди? Бу саволнинг жавоби ҳам маълум ва қуйидагича.

Ҳамма биладики, Шавкат Мирзиё шу йил бошларида Президент Администрацияси ҳузурида Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар Агентлиги яратди, унинг директори қилиб ўзининг қўғирчоғи Комил Алламжонни, директор ўринбосари қилиб катта қизи Саида Мирзиёни тайинлади. Ёш бола ҳам тушунардики, Шавкат Мирзиё ҳамма оммавий ахборот воситаларини шу Агентликнинг раҳбарлари Комил Алламжон ва Саида Мирзиё воситасида бошқармоқчи. Биз буни ўз вақтида тушуниб, энди Ўзбекистонда цензура шу Агентликка топширилганини ёзган эдик.

Кўринишидан, бу Агентлик кучга кириб олди ва ҳозир ҳамма оммавий ахборот воситаларини ўзи истаган йўналишда бошқаришга қодир. Бунинг устига, шу йил декабрда бўладиган парламент сайловлари арафасида сайловолди кампанияси бошланадиган вақт келмоқда. Ана шундай муҳим пайтда Шавкат Мирзиё оммавий ахборот воситаларида давлат хизматчиларини танқид қилишни Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар Агентлиги воситасида тақиқлади.