13 September 2019
14:42 - Ўзбекистонда нималар бўлмоқда? Нималар бўлиши керак? “Бирлик” ва "Ҳаракат" нима дейди? Шавкат Мирзиёчи?

- Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, Анвар Сайфутдинов Яккасарой тумани, Бахтиёр Шамуратов Сергели тумани ҳокими этиб тайинланди. Хабарларда уларни ким тайинлангани айтилмайди. Балки, энг юқоридан топшириқ берилгандир.

- Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комил бугун Франциянинг янги элчиси Изабел Сервоз-Галлуччи билан учрашиб, унинг ишонч ёрлиғи нусхасини қабул қилди. Табиий, хабарни Ташқи Ишлар Вазирлиги тарқатди.

- Кеча талабалар учун контракт нархи 18 фоизга кўпайтирилгани, стипендия қиймати эса, 400 минг сўм этиб тайинлангани билдирилди.

- Шу кунларда метрология соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қонунчилик техникаси ҳамда миллий қонунчилик талабларига мослаштирилибди.

- Россиянинг Калининград шаҳрида ўзбекистонлик мигрантни ёқиб юборган шахс қўлга олингани ҳақида бугун Ўзбекистонда хабарлар тарқатилди. Аммо, Калининград расмий органларининг хабарида ёқиб юборилган шахс ўзбекистонлик эканлиги айтилмаган.

- Қўқон шаҳрида халқаро ҳунармандчилик фестивалининг асосий тадбирлари бошланди. Анжуманда 100 дан ортиқ давлатдан фахрий меҳмонлар, моҳир ҳунармандлар, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

Эслатиш керакки, Ўзбекистонда аҳолининг ўртача ойлиги ривожланган давлатлардан 30-50 баравар камлигини қўйиб туринг, ҳатто қўшниларимиз Россия ва Қоғозистондан кўп марта кам. Россияда бир бурда нонга пул топиш учун у ерга борган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони бу йил 2 миллиондан ортгани Россиянинг расмий органлари тарафидан билдирилди. Хўш, юқорида санаб ўтилган янгиликлар Ўзбекистон ва халқининг ғариб аҳволини тузатишга хизмат қиладими? Қилмайди, қолаверса, халқнинг ўз аҳволи билан ҳам иши йўқ.

Нима қилиш кераклигини биз айтмоқдамиз.

Ўзбекистонда ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни бошлаш керак.

Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни, ҳукуматни, оммавий ахборот воситаларини янгилаш, ҳақиқий ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё жинояткорона қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.

"Ҳаракат"га кўра, ҳамма ишни расмдаги ўтзорни қайтадан сиёсий майдонга, Мустақиллик майдонига айлантиришдан бошлаш керак, жаноб Шавкат Мирзиё!