24 July 2019
21:13 - “Бирлик” ва “Ҳаракат” яна ҳақ чиқмоқда: Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар сони тўхтовсиз ортиб бормоқда, ҳозир 2,1 миллион
Kun.uz веб сайти Россия Халқ Хўжалиги ва Давлат Хизмати Академиясининг 2019 йил июнь ойи учун “Россия Федерациясидаги иқтисодий вазият мониторинги” ҳисоботига асосланиб хабар беришича, Ўзбекистондан Россияга вақтинчалик миграция ҳажми ўсишда давом этмоқда.

1 июнь ҳолатига кўра 2,1 миллион Ўзбекистон фуқароси Россияда ишламоқда. Таққослаш учун, 2018 йил 1 декабрь ҳолатида 1,8 миллион киши, ундан бир йил олдин эса - 1,7 миллион киши ишламоқда эди.

Ўзбекистон Россиядаги мигрантлар сони бўйича биринчи ўринда турибди. Украина иккинчи (1,7 миллион), Тожикистон (1,3 миллион) учинчи поғонада.

Ўзбекистондан Россияга вақтинчалик миграция ҳажми нафақат 2015 йилдаги кўрсаткичларга қайтди, балки инқирозгача бўлган кўрсаткичларга жуда яқин келди - 2014 йил 1 декабрь ҳолатига кўра 2,2 миллион Ўзбекистон фуқаролари Россияда бўлган.

Рақамлар шуни кўрсатадики, 2014 йилда, яъни Ғарб Россияга қарши киритган санкцияларидан кейин, рублнинг қулаши ва бошқа ҳодисалардан сўнг, Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар сони камая бошлади, аммо 2017 йилда оқим тикланди ва ҳозир фаол равишда ўсмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистондан келган мигрантларнинг патент учун тўловлари йил сайин ошиб бормоқда, бу йил улар барча патентларнинг 91 фоизини расмийлаштирилди. Таққослаш учун, 2018 йилда - 89%, 2017 йилда - 86%, 2016 йилда - 82% эди.

Биз эҳтиётлик қилиб, Россияда сони 1 миллиондан кўпроқ ватондошларимиз қуллардек ишлашаётганини гапириб келардик, дейди “Ҳаракат” мухбири. Мана, энди Ўзбекистон расмийлари ҳам буни тан олиб, ҳақиқий рақамларни ёзишга бошлашди. Аммо, бу рақамлар кўрсатмоқдаки, Ўзбекистондан қочишга мажбур бўлаётган ватандошларимизнинг сони рекорд даражага яқинлашиб бормоқда.

Шу сабабли, яна қайтариш керакки, Шавкат Мирзиёнинг косметик ислоҳотлари мамлакатимизда жиддий ижобий ўзгаришларга йўл очолмайди. “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги бундай ислоҳотлар қандай бўлиши кераклиги ҳақида сал кам ҳар куни гапирмоқда. Ҳатто, бугун ҳам 3 та хабаримизда бундай ислоҳотлар қандай бўлиши кераклиги яхшилаб тушунтирилган. Ҳамма ўқувчиларимизни бизнинг хабарлар билан яқиндан танишиб боришга чақирамиз.