18 July 2019
14:29 - “Ўзбекистон ҳаво йўллари” воситасида хорижга парвоз қилиш нега қиммат?
“Маҳалла“ газетасида Нилуфар Юнусованинг шу саволга жавоб қидирувчи мақоласи эълон қилинди. Унда айтилишича, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”да Туркия, Россия, Миср ёки Дубайга учиш нархи худди шу юртларга Қозоғистондан ёки Қирғизистондан учишга қараганда икки баробар қиммат.

Истанбулдан Чимкентга учаётган хорижий компания учоғи Истанбулдан Тошкентгача ҳам шунча масофага учади, шунга яраша ёнилғи сарфлайди, ўшанча одам олади. Табиийки, зарар қилса, учмасди. Учоқлари ҳам ўша учоқ - “Airbus” ёки “Boeing”. Аммо нархларда тафовут даражаси катта. Авиачипталар бўйича халқаро сайт ҳисобланган “Anywayanyday”да ҳам чипталар нархидаги фарқни кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, ҳозирда кунига 2 мингга яқин ўзбекистонлик Қозоғистон самолётлари орқали парвоз қилмоқда. Бунинг сабаблари нимада? Аслида миллий авиакомпаниямиз халқимизга бошқа компанияларга нисбатан энг қулай хизматларни тақдим этиши керак эмасми?

Шу масалалар бўйича “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ахборот хизмати мутахассиси Феруза Қурбонова билан суҳбат ўтказилибди. Бу хоним турли сабаблар ўйлаб топиб, бизда авичипталар қимматлигини оқлашга ҳаракат қилибди. Масалан, учоқларимизнинг ўртача ёши 10 йилни ташкил этармиш, аммо, мисол учун, Чимкент-Истанбул авиақатновларини амалга оширувчи учоқларнинг ўртача ёши тахминан 18 йил эмиш, яъни улар бизнинг учоқларга нисбатан эскимиш.

Нилуфар Юнусованинг хулосаси шундай: “Авиакомпания ўзининг имкониятлари ва қулайликлари ҳақида қанчалик тушунтиришга уринмасин, мавжуд камчиликлардан кўз юмиб бўлмайди. Авиачипталар нархи аҳоли орасида кескин норозиликларни келтириб чиқараётгани ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда ҳар қандай киши учун ҳаводаги қулайликдан кўра, арзон учиш муҳимдир. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун жаҳон андозаларига таяниб, рақобат асосида ишлаш даври келгани яққол кўриниб турибди. Шундагина фуқароларимиз учун парвоз қилиш, чўнтакбоп саёҳатларга чиқиш муаммога айланиб қолмасмиди?!”

Ҳа, дейди мухбиримиз, бу мақола бор муаммоларни тўғри ёритган. Демак, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” мақола муаллифининг хулосаларни тан олиши ва ўз фаолиятида керакли ўзгаришларни қилиши керак. Акс ҳолда, аввалари ҳам кўп марта айтганимиздек, халқ майдонларга чиқиб, Ўзбекистонда ҳамма соҳаларда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни талаб қилишга мажбур бўлади. Ҳеч нарса ўзгармаса, шундай бўлиши муқаррар.