14 May 2019
15:42 - АҚШнинг янги элчиси Даниэл Розенблюм Тошкентга шу йил май ойи охирида келиши айтилмоқда. У келса, нима ўзгаради?
Авваламбор айтиш керакки, Даниэл Розенблюм Тошкентга элчи сифатида 2018 йил сентябрь ойида келиши хабар қилинганди, аммо келмади. Энди у шу йилнинг май ойи охирида келиши айтилмоқда.

Даниэл Розенблюм 2014 йилдан бери АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан дипломатиясига бош-қош бўлиб келаётгани айтган ЎзАнинг бугун 14 майдаги хабарида айтилишича, янги элчи кеча АҚШ Конгрессининг юқори палатасида, яъни Сенатда қасамёд қилибди ва жумладан шундай дебди: “Бутунлай суверен Ўзбекистон ким билан қандай ҳамкорлик қилишни эркин танлай олиши Америка манфаатлари учун хизмат қилади. Республикада Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида кенг қамровли ислоҳотлар бошланган. Улар ижобий натижалар бериши учун АҚШ ўз ҳиссасини қўшиши, Ўзбекистон халқини яқиндан қувватлаши керак. Устувор вазифам албатта, Америка манфаатларини ҳимоя қилиш, америкаликлар хавфсизлиги ва элчихона равнақини кўзлаш.”

У ўз олдига беш мақсадни қўйганини ҳам айтибди:

- Афғонистонда тинчликни таъминлаш, минтақа хавфсизлигини ҳимоя қилиш, халқаро муаммоларга қарши курашда фаоллик кўрсатиш.

- Ўзбекистонда ислоҳотлар жадаллашиши йўлида ҳаракат қилиш. Ҳозиргига қараганда барча жабҳаларда кўпроқ мадад кўрсатиш.

- Америка хусусий секторини жалб этиб, инвестиция қилиш учун зарур шароит яратилишида кўмаклашиш.

- Инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини тарғиб қилиш. Ижобий ўзгаришларни олқишлаб, камчилик ва муаммоларни конструктив тарзда танқид қилиб, тизим яхшиланишига ҳисса қўшиш.

- Икки халқни яқинлаштириш - турли алмашинув дастурлари, маданий ва илмий дастурлар орқали ёшларга имкониятлар яратиш, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш.

ЎзАнинг фикрича, Вашингтон сиёсий доиралари Розенблюмнинг Ўзбекистонга элчи сифатида кетаётганидан хурсанд. Тошкентда ҳам муносабат ижобий. Республика расмийлари ўзларига таниш одам элчи бўлиб келаётганидан мамнун. Ўзбекистон ҳукуматида Памела Спратлен элчилигида олдинга қўйилган улкан қадамлар давом этаверишига умид бор.

Умид борлиги яхши, дейди “Ҳаракат” мухбири, чунки, умидсиз ҳаёт ҳам бўлмайди. Айни пайтда унутмайликки, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси раиси Абдураҳим Пўлат партия Бош котиби, айни замонда Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг раҳбари Васила Иноят билан биргаликда 2015 йил бошларида АҚШ Давлат Департаментида Даниэл Розенблюм билан учрашган эди. Айнан ўша учрашувдан кейин Даниэл Розенблюмга мактуб йўллаган Абдураҳим Пўлат АҚШ сиёсатчилари Ислом дини учун эркинликлар масаласида хато қилаётганлари, Ислом дини ўз ичида фундаментал ислоҳотлар ўтказиб, дунёвийлик/секуляризм принципини тан олмагунча, Ислом динига тўла эркинлик бериб бўлмаслигини, аслида, АҚШнинг ичида Ислом динига нисбатан айнан шундай сиёсат олиб борилаётгани тўғри эканлигини урғулаган эди.

Ҳозир ҳам урғулаш керакки, Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиё мамлакатда косметик ислоҳотлар ўтказиш билан овора. Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказилиб, Ўзбекистон ҳақиқий демократия ва тўла бозор иқтисодиётига ўтмагунча, мамлакатимиз ҳозирги ғариб аҳволдан ҳеч қачон чиқолмайди.

Аммо, Даниэл Розенблюм ўз олдига қўйган 5 та мақсаддан биринчиси Афғонистон билан боғлиқ эканлиги ҳар қандай одамни ўйлантириб қўйиши шубҳасиздир.

Расмда - Даниэл Розенблюм тумуш ўртоғи билан АҚШ Сенатида қасамёд қилиш маросимида.