08 May 2019
07:13 - Хитойнинг Уйғуристон деб аталиши керак бўлган Синжон-Уйғур Мухтор Вилоятида юзлаб йиллик тарихга эга бўлган 33 дона масжид ва мақбара бузиб ташлангани иддао қилинмоқда

Туркияда чиқадиган “Ҳуррият” газетаси кечаги сонида Хитой ҳукумати Синжон-Уйғур Мухтор Вилоятида юз йиллардан кўп тарихга эга бўлган 33 дона масжид ва мақбарани қисман ёки бутунлай бузиб ташлагани ҳақида ёзди. Фазодан олинган расмлар ва шу ўлкада яшаётганларнинг хотирлашларидан келиб чиқиб, аслида 100 дан кўп масжид, мақбара ва қабристонлар бузиб ташлангани ҳам айтилмоқда.

Уларнинг ичида уйғурлар учун жуда муҳим бўлган Асим ва Жаъфарий Содиқ мақбаралари, 1237 йилда қурилган Хотан шаҳридаги Керия Аитика масжиди ва Қашқардаги 500 йиллик Каргилик масжиди ҳам бор.

Ўтган йили июль ойида Европа Иттифоқининг ташаббуси билан Хитойнинг пойтахти Пекинда бўлиб ўтган инсон ҳақлари конференциясида қамоқдаги тибетликлар ва уйғурларни озод қилиш талаб қилингани ҳам “Ҳуррият” газетасида айтилган. Жойи келгани учун эслатиш керакки, “Ҳаракат” Агентлиги ҳам ўша конференция ҳақида хабар берган эди.

БМТнинг ирқий камситишларни баратарф қилиш қўмитаси ва АҚШ Конгрессида Хитойда 1 миллиондан кўп уйғур гўёки тарбиялаш лагерларида, аслида, қамоқхоналарда ётгани танқид қилинмоқда. Бу ҳақда ҳам “Ҳаракат” ўз вақтида хабар тарқатган эди.

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг вакилларига ўша қамоқхоналарга бориб ҳақиқий аҳвол билан танишишга имкон берилмаётгани ҳам “Ҳуррият”нинг хабарида айтилган. Туркиянинг Ташқи Ишлар Вазирлиги ҳам бу масалалар бўйича Хитой ҳукуматига ўз норозилигини билдирибди, аммо жавоб олмабди.

Ҳозир ҳамма туркий ва ҳамма исломий давлатлар бу масалалар бўйича Хитой ҳукуматига босим ўтказишлари ва Уйғуристонда уйғурларга эркинлик берилишини талаб қилишлари керак.

Ҳозир маълумки, Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режими мамлакатимизга хитойлик инвесторларни таклиф қилишга катта эътибор бермоқда. Бизда ҳам берилган хабарлардан маълумки, Хитойлик инвесторлар Ўзбекистонда, жумладан, Сурхандарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Шарғун кўмир конини Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасига айлантириб, ўзларига фойда олиш устида ишламоқдалар. Ўзбекистондаги тожиклар режими Хитойлик инвесторлар воситасида Хитой ҳукуматидан уйғурларга босимни тўхтатишни талаб қилиши керак.