06 May 2019
17:55 - Шавкат Мирзиё бугунги масхарабозликларини Фарғона вилоятида давом эттирмоқда

Ўзбекистон давлатининг иқтисодий аҳволи ўта ғариб экан, уни тузатиш устида ўйлаш ўрнига, Президент Шавкат Мирзиё вилоятлар бўйлаб саёҳат қилиш, бўлаётган ишлар билан танишиш, аввалги сафари вақтида берган топшириқлари қандай бажарилаётганини кўриш, ҳаммага оламшумул маслаҳатлар бериш билан машғул эканлигини ҳар доим айтиб келмоқдамиз.

Мана, бугун 6 май куни Шавкат Мирзиё Фарғона вилоятига келди. Уни вилоят раҳбарлари кутишаётган бўлса керакки, вилоят кирверишига инглиз тилида “Welcome to Ferghana” сўзлари ёзиб қўйилибди. Буни тушуниш мумкин, Шавкат Мирзиё президентлик курсисига ўтириши билан галстугини амирконча бойлашга ўтган эди, демак, унга инглизча “Хуш келибсиз Фарғонага” дейиш ғоят табиийдир.

Шу соатларгача Шавкат Мирзиё Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига борди ва Индонезиянинг “РТ Trans Asia Resources” компанияси билан ҳамкорликда заводни модернизация қилиш қандай давом этаётгани, Қўштепа туманидаги “Ипак гиламлар” корхонасида бўлиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича ишлар қандай олиб борилаётгани, яқинда Фарғона шаҳрида фаолият бошлаган Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги “Listem-Fergana” қўшма корхонада (расмда) тиббиёт учун зарур бўлган рентген асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш қандай бораётгани билан танишди.

Мавжуд тожиклар режимининг югурдакларига ёқмаса ҳам айтиш керакки, дейди мухбиримиз, бундай ишлар билан танишиш президентнинг вазифаси эмас. У Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар олиб боришга раҳбарлик қилиши керак, бунинг учун у кабинeтидан чиқмасдан ишласа ҳам бўлаверади.

Вақти келгани учун эслатиш керакки, фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери тўхтамасдан такрорлаётгандек, давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё қўйган жинояткорона тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир. Чет эллик инвесторлардан фойда кам бўлади, чунки, улар авваламбор ўз фойдаларини ўйлайдилар. Ўзимизнинг инвесторларимиз синфини яратиш шарт.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.

Бошқа йўл йўқ. Акс ҳолда, халқ майдонларга бизнинг чақириғимиз билан чиқиб, шундай ислоҳотлар ўтказишни талаб қилишга мажбур бўлади.