16 April 2019
12:53 - Қозоқча шармандалик: Ўзбекистонда 2019 йил Қозоғистон йили деб эълон қилинди, Қозоғистон Президенти ўзбек Хўжа Аҳмад Яссавийни қозоқ деб эълон қилди
Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Шавкат Мирзиё ва Нурсултон Назарбой 2017 йил сентябрь ойида Тошкентда учрашганларида Қозоғистонда 2018 йилни “Ўзбекистон йили” сифатида, Ўзбекистонда 2019 йилни “Қозоғистон йили” сифатида нишонлаш хусусида келишиб олган эдилар. 2018 йил Қозоғистонда номигагина Ўзбекистон йили сифатида нишонланди. Ўтган куни расмий ташриф билан Тошкентга келган Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кеча 15 апрелда Шавкат Мирзиё билан биргаликда 2019 йилни Ўзбекистонда “Қозоғистон йили” сифатида нишонлаш маросимининг очишлишига бағишланган йиғилишда нутқ сўзлади.

Ундан аввал нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиё қозоқларнинг бир мақолини айнан қозоқча талаффуз билан айтиб ўтган эди. Қосим-Жомарт Тўқаев ўз нутқининг кириш қисмини қозоқча гапириш билан бир қаторда, қуйидаги сўзларни ҳам айтишдан тортинмади: “Биз асарлари Ўзбекистонда диққат билан ўрганиладиган аждодимиз Хўжа Аҳмад Яссавий билан фахрланамиз.”

Чегараси йўқ шармандаликка қаранг. Бутун дунё ўзбек сифатида тан олган Хўжа Аҳмад Яссавийни Қозоғистон Президенти қозоққа чиқармоқда.

Жойи келгани учун эслатиш керакки, “Ҳаракат” Агентлигининг 2019 йил 23 мартдаги “Қозоғистоннинг янги президенти Туркистонга келиб, Яссавийнинг қозоқ эканлигини исботловчи ҳужжат топишни буюрибди” сарлавҳали хабарида киноя билан шундай дейилган эди:

«Хабарларда айтилмаган бўлса ҳам, бизга яқин манбалардан ўрганишимизча, янги президентнинг тахтга ўтиришидан кейин бунчалик тез Туркистонга келишининг жиддий сабаби бор экан. Унинг бу зиёратдан мақсади - Хўжа Аҳмад Яссавийнинг туғилиш гувоҳномасини топиш ва унинг миллати қозоқ деб ёзилганини ҳаммага кўрсатиш бўлган. Шундай қилинса, нафақат Яссавий қозоқ эканлиги, балки, бутун Туркистон вилояти ва Туркистон шаҳри қозоқларники эканлиги исботланган бўларди.

Кечагина отдан тушган қозоқларнинг янги президенти бунчалик ибтидоий эканлиги, у Совет замонида каби ўша асрларда ҳам ЗАГС тарафидан ҳамма янги туғилганларга “туғилиш гувоҳномаси” берилишига ишониши устидан роса кулиш мумкин. Аммо, уни тушуниш мумкин, ўзбек аслли саркарда Собир Раҳимов қозоқ эканлиги унинг 3 та хотинидан биттасига, яъни асли қозоқ бўлган хотинига асосланиб, СССР парчаланиб кетиб, Қозоғистон мустақил бўлиб қолганидан кейин эълон қилинган эди-ку!

Кўринишидан, энди навбат Хўжа Аҳмад Яссавийга келганга ўхшайди. Ҳа, Қозоғистон буюк ўзгаришлар бошланиш арафасида. Аммо, амалда ҳамма нарса қозоқларнинг зарарига ишлаб, Қозоғистон давлат сифатини йўқотишининг эҳтимоллиги жуда катта.»

Қаранг, қозоқларнинг шармандаларча иш қилишлари ҳар қандай чегаралардан ошиб кетмоқда. Улар ҳеч қандай асоссиз ўзбек аслли Собир Раҳимовни қозоқ деб эълон қилган эдилар. Энди Хўжа Аҳмад Яссавийни қозоқ деб эълон қилиш ҳаракатига тушибдилар. Яна жойи келгани учун эслатиш керакки, ҳозир Саудия Арабистонида ва Туркияда Хўжа Аҳмад Яссавийнинг авлодлари яшайдилар, улар исми-шарифларида ўзларини “Яссавий” деб таништиришади.

15 йилча аввал Саудия Арабистонида оламдан ўтган Шаҳобиддин Яссавийда ўзи Хўжа Аҳмад Яссавийнинг авлоди эканлигини кўрсатувчи шажара ҳам бор эди, дейди бу ҳақда кейинчалик “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясига айлантирилган “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг асосчиларидан бири, унинг доимий лидери профессор Абдураҳим Пўлат. Шаҳобиддин Яссавий ва унинг фарзандлари “Ҳаракат” журналини Туркияда чиқариш пайтида моддий ёрдам ҳам беришган.

Маълумки, ҳозир Қозоғистонда бўлган Чимкент, Туркистон, Авлиёота (ҳозир унинг номини Тараз деб ўзгартиришган) каби шаҳарларининг қозоқларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу шаҳарлар ҳар доим ўзбекларнинг тарихий шаҳарлари бўлган ва шундай бўлиб қолиши керак. Вақти келиб, буюк Туркистон қайта тикланади, бу шаҳарларнинг ҳаммаси Туркистонда бўлади.