16 April 2019
10:02 - "Ҳаракат"нинг ҳурматли ўқувчилари!
Техник сабаблар туфайли, ўз вақтида ўзбек тилини давлат тили қилдирган, бошқа республикалардаги халқ ҳаракатлари ва халқ фронтлари билан биргаликда СССРни парчалаб, Ўзбекистонни ҳам мустақилликка қовуштирган "Бирлик" Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси бўлган "Ҳаракат" Хабар Агентлигининг бош сайти (harakat.net) ва Фейсбукдаги саҳифаси (facebook.com/harakat.net) сал кам бир ҳафтадан бери ҳаракатсиз ҳолга тушганди.

Бугун ниҳоят бу аҳволдан чиқдик ва узоқ йиллардан бери давом этаётган фаолиятимизни тикладик.

Келинг, биргалашиб ватанимизни ҳозирги ғариб аҳволдан қутқариш йўлидаги ишимизни давом эттирайлик. Ҳозир Шавкат Мирзиё ва унинг тақимидан Ўзбекистонда ФУНДАМЕНТАЛ СИЁСИЙ ВА ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАР ўтказишни очиқча талаб қилиш вақти келганини тушунишимиз керак.

Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери тўхтамасдан такрорлаётгандек, давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё қўйган жинояткорона тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир. Чет эллик инвесторлардан фойда кам бўлади, чунки, улар авваламбор ўз фойдаларини ўйлайдилар. Ўзимизнинг инвесторларимиз синфини яратиш шарт.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.

Бошқа йўл йўқ. Акс ҳолда, халқ майдонларга бизнинг чақириғимиз билан чиқиб, шундай ислоҳотлар ўтказишни талаб қилишга мажбур бўлади.