13 March 2019
22:29 - “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат Президент Шавкат Мирзиёни 19 март куни Миллий Уйғониш Кунининг байрамини нишонлаш учун Мустақиллик Майдонига чақирди

Март 13, 2019 йил

Ўзбекистон косметик эмас, фундаментал ислоҳотларга муҳтож. 19 март куни Мустақиллик Майдонида Миллий Уйғониш Кунининг 30 йиллиги нишонланади, ислоҳотлар масаласи ҳам муҳокама қилинади

Жаноб Шавкат Мирзиё! Cизга юборган аввалги хатларимига жавоб бермаган бўлсангиз ҳам, яна бир марта мурожаат қилишга журъат этдим.

Ўзбекистон қандай ғариб аҳволда эканлигини жуда яхши биласиз. Шу сабабли деҳқонлар, ишчилар ва тадбиркорлар билан учрашиб, уларга оламшумул маслаҳатлар бермоқдасиз, ҳаётимизнинг ҳамма соҳаларида ўзгаришлар қилдирмоқдасиз. Аммо, булар фойдаси кам косметик ўзгаришлардир. Ўзбекистон эса, фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳатларга муҳтож.

Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида, “Бирлик” Партияси йиллардан бери тўхтамасдан такрорлаётгандек, давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Сиз Бош вазир сифатида қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир. Чет эллик инвесторлардан фойда кам бўлади, чунки, улар авваламбор ўз фойдаларини ўйлайдилар. Ўзимизнинг инвесторлар синфини яратиш шарт.

Ўта мураккаб ва қоришиқ фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз қилиб бўлмайди. Шундай экан, “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлаш керак.

Маълумки, мамлакатимиз демократлари ўзбек миллати ўз тарихида биринчи марта митингга чиққан МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ КУНИнинг 30 йиллигини шу йил 19 март куни Тошкентдаги Мустақиллик Майдонида байрам қилишга тайёрланмоқдалар. Ўша куни Сиз ҳам у ерга келинг, байрамни нишонлашдан ташқари, мамлакатни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказиш каби масaлаларни муҳокама қилиш ҳам мумкин бўлади. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжага бу ҳақда 19 февралда хабар берилган.

Ўзбекистонда инқилобий ва фундаментал ислоҳотларни “Бирлик”сиз, у ҳокимиятда бўладими, мухолифатда бўладими, фарқи кам, амалга ошириб бўлмайди. Мухолифатсиз келажагимиз йўқ!

Ҳурматлар билан,
Абдураҳим Пўлат