06 March 2019
20:33 - Ўзбекистонда ҳаммаёқ масхарабозлик: Халқаро Валюта Жамғармаси 2018 йилда бизда ЯИМ 5,1 фоизга ортганини тасдиқлаб, 2019 йилда 5,9 фоизга ортишини башорат қилмоқдамиш
Машҳур Халқаро Валюта Жамғармаси (ХВЖ) миссияси Ўзбекистонда ўз ишини тамомлаб, 2019 йилга ўзи берадиган прогнозларни кўрсатувчи ҳисоботини тугатибди. Бу ҳақда Ўзбекистонгндаги қўғирчоқ ахборот воситалари хабар бермоқдалар.

ХВЖнинг ҳисоботида 2018 йили бизда Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 5,1 фоизга ортгани айтилган ва 2019 йилда 5,5 фоизгача ортиши мумкинлиги башорат қилинганмиш. Ҳисоботдаги қуйидаги жумлалар эътиборга лойиқ:

“2018 йилда инвестициялар шовқинига қарамай, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарилиши натижалари ёмон бўлди. Бундай натижаларнинг сабабига ноқулай об-ҳаво шароитлари ва сув етишмаслиги айланди. 2019 йилда хомашё товарлари нархи нисбатан пастлиги ва ташқи талабнинг камайишига қарамасдан, ЯИМ ўсиши, прогнозга кўра, 5,1% дан 5,5% гача бўлади”.

2020-2021 йилларда ЯИМ ўсиши 6% даражада бўлиши ҳам прогноз қилинмиш.

Бизнинг ХВЖ берган башоратларга шубҳа билан қарашимиз тасодиф эмас. Авваламбор эслатиш керакки, Ўзбекистон Олий Мажлиси 2017 йил декабрь ойининг охирида 2018 йил учун Ялпи Ички Маҳсулот ҳажмини 290,6 трлн сўм қилиб тасдиқлаган ва бу рақам 2017 йилдаги ЯИМга нисабатан 5,9 фоиз кўп эканлиги таъкидланган эди. Демак, ХВЖнинг ҳисоботига кўра, 2018 йилга режалаштирилган ЯИМ бажарилмаган. Шу сабабдан Ўзбекистон ҳукумати 2018 йилда ЯИМ қандай бўлгани ва Давлат Бюджети қандай бажарилгани ҳақида ҳеч қандай ҳисобот эълон қилмадими? Шунақага ўхшайди.

Агарда шундай бўлган бўлса, бизнинг “Ўзбекистонда ҳамма нарса масхарабозлик” деб такрорлашимиз тўғри бўлиб чиқмоқда-ку!

Яна бир нарсани эслатиш керак. Олий Мажлис 2018 йил ноябрь ойидаги йиғилишида 2019 йилда мамлакатимизда Яяпи Ички Маҳсулот 5,4 фоизга ортади, Давлат Бюджетининг даромад қисми 102,6 трлн. сўм, харажат қисми 107,1 трлн. сўм бўлади деб эълон қилган эди. Қизиқ, ҳар қандай давлат иқтисодиётининг асосий кўрсатгичи бўлган Ялпи Ички Маҳсулот 2019 йилда бизда бор-йўғи 5,4 фоизга ортиши тахмин қилинаётган экан, Давлат Бюджетининг даромад қисми тахминан 40 трлн сўмга, яъни тахминан 65 фоизга (!!!) ва ҳаражат қисми тахминан 45 трлн сўмга, яъни тахминан 75 фоизга (!!!) ортишини ҳаёлга ҳам келтириб бўлмайди-ку, бунга ишониб ҳам бўлмайди-ку.

Машҳур Халқаро Валюта Жамғармаси миссияси Ўзбекистонга келиб, шу нарсаларнинг фарқига бормадими? Тахмин қилиш мумкинки, фарқига боришган, ўз ҳисоботларида бу масхарабозликларни ёритишган, аммо Ўзбекистондаги мавжуд режимнинг қўғирчоқ ахборот воситалари халқни алдашга мос келадиган рақамларнигина эълон қилишган. Яъни, ҳаммаёқ масхарабозлик, Ўзбекистон давлати ўлиб бўлган.