19 February 2019
22:32 - Сенсацияларнинг сенсацияси: 19 март куни Тошкентнинг Мустақиллик Майдонида “Миллий Уйғониш Куни”нинг 30 йиллиги байрам қилинади

Бутун дунё биладики, 1989 йил 19 март куни Тошкент марказидаги ҳозир номи Мустақиллик Майдони бўлган ҳиёбонда “Бирлик” Халқ Ҳаракати фаоллари ва тарафдорлари “Ўбек тили – давлат тили” шиори остида митинг ўтказиб, ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш талабини ўртага қўйган эдилар. У ерга дарҳол етиб келган ўша пайтдаги Ўзбекистон Олий Советининг раиси Мирзаолим Иброҳимов “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат билан учрашган ва бу талаб бўйича иш бошлашга ваъда берган эди.

Бир ҳафтачадан кейин Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ўзбек тилига давлат тили мақоми берувчи қонун лойиҳаси эълон қилинди. Аммо, “Бирлик”нинг митинглари давом этаверди, тезда Ўзбекистонни мустақил қилиш талаблари ҳам ўртага қўйилди.

Аммо, ўша йили июнь ойида ўзбекларнинг бошига Москва тарафидан ўтқазилган тожик аслли ҳаромий Ислом Карим ўзбек тилини давлат тили қилиш, Ўзбекистонни СССРдан чиқариб олиш талабларига қарши эканлигини кўрсатиб, “Бирлик” ичидаги Салой Мадамин (адабий тахаллуси Муҳаммад Солих) раҳбарлигидаги ёзувчилар гуруҳини сотиб олди ва “Бирлик”ни ўзининг қўғирчоғига айлантиришга ҳаракат қилди.

Аммо, у “Бирлик”ни синдира олмади ва “Бирлик” тезда ўзининг биринчи мақсадига эришди. 21 октябрь куни Ўзбекистон Олий Совети “Бирлик”нинг босими остида ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш қонунини қабул қилди. Кураш давом этди, 1991 йил 8 декабрда, СССР таркибидаги ҳамма жумҳуриятларда ўртага чиққан халқ ҳаракати ва жабҳаларнинг кураши натижасида, СССР йўқ бўлди. Ўзбекистон собиқ СССРдаги ҳамма жумҳуриятлар билан биргаликда мустақил давлатга айланди.

Шундай экан, 1989 йил 19 март куни – ўзбек миллатининг тарихида умрбод қоладиган “Миллий Уйғониш Куни” эканлигини ҳамма тан олади.

Ҳаромий Ислом Карим парчаланган демократик мухолифат кучсизлигидан фойдаланиб, Ўзбекистонда Сталин замонидан фарқи кам бўлган қонли диктатурани ўрнатиб олди, ўзини мустақилликнинг отаси деб кўрсатишга эришди. Аммо, ҳозир ҳамма нарса ўзгарди. Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиё дунёга ўзини ҳақиқий демократик ислоҳотчи қилиб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.

Шундай экан, бу йил 19 март кунини “Миллий Уйғониш Куни”нинг 30 йиллиги сифатида байрам қилиш ғоят табиийдир.

Махсус тузилган Ташкилий Гурҳ аъзоси Абдураҳмон Ташанов бугун Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Фуқаролар қабулхонасига 19 март куни Мустақиллик Майдонида “Миллий Уйғониш Куни”нинг 30 йиллигини байрам сифатида нишонлаш ҳақидаги аризасини топширди. Ариза Фуқаролар қабулхонасининг ходими жаноб Асқаров томонидан қабул қилинди.

Мана ўша аризанинг матни.

* * * * *

Тошкент шаҳар ҳокими
Жаҳонгир Ортиқхўжаевга

Тошкент шаҳар Проектная кўчаси
9/29-уйда яшовчи фуқаро
Абдураҳмон Ташановдан

А Р И З А

Муҳтарам Жаҳонгир Обидович, бундан 30 йил аввал, ҳали СССР замонида, 1989 йилнинг 19 март куни сал кам минг кишилик ўзбекистонликлар гуруҳи ўзбек тилига “Давлат тили” мақоми бериш талаби билан илк марта ҳозирги номи Мустақиллик Майдони бўлган ҳиёбонга митингга чиққан эди. Ана шу кун миллий давлатчилигимиз ва она тилимиз ривожида муҳим роль ўйнаган саналардан бири сифатида Ўзбекистон давлати ва ўзбек миллатининг тарихида умрбод қолиши шубҳасиздир.

Шу муносабат билан 2019 йил 19 мартда Тошкент шаҳри ва вилоятлардан келадиган тахминан 200 кишлик ўзбекистонликлар Мустақиллик Майдонидаги “Бахтиёр она” ҳайкали пойига гул қўйиш ва 30 йил аввалги воқеаларни хотирлаш билан келажакда “Миллий Уйғониш Куни” сифатида тарихда қоладиган кунни тантанали байрам қилишни режалаштирмоқдалар.

Бизнинг шу ташаббусимизни қўллаб-қувватлашингиз ўз тилига эга ҳур миллатимизга ҳурмат кўрсатиш руҳидаги оқилона қарор бўларди.

Эҳтиром билан,

Абдураҳмон Ташанов,
Журналист, шу байрамни нишонлаш
мақсадида тузилган Ташкилий Гуруҳ аъзоси

19 февраль 2019 йил

* * * * *

Ҳаммани шу йил 19 март куни “Милий Уйғониш Куни”нинг 30 йиллгини байрам қилиш учун Тошкентдаги Мустақиллик Майдонига таклиф қиламиз.

Расмда - "Бирлик" Халқ Ҳаракатининг 1989 йил 23 сентябрдаги Навоий кўчасида ўтказилган намойишини кўрмоқдасиз.