20 October 2018
07:27 - Саудия Қироллиги ўлди, энди Ислом динини ўлимдан сақлаш лозим: Саудиялик мухолифатчи журналист Саудиянинг Истанбулдаги консулхонасида ўлдирилгани тан олинди
“Ҳаракат” Агентли шу йил 7 октябрдаги хабарида саудиялик мухолифатчи журналист Жемал Кашикчи (Турк газеталари унинг исмини Cemal Kaşıkçı деб кўрсатдилар) қандайдир иши билан Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консулхонасига 2 октябрда киргани ва қайтиб чиқмагани, у журналист бош консуллик ичида ўлдирилгани ва унинг жасади яширинча консулхонадан олиб чиқиб кетилгани иддао қилинаётганини жаҳон ахборот воситаларига асосланиб хабар қилганди. Ўшандан бери бутун дунё ахборот воситалари ва, муҳим бўлгани, АҚШ раҳбарияти, жумладан, АҚШ Президенти Доналд Трамп, бу даҳшатли воқеа билан яқиндан шуғулланиб, Жемал Кашикчи қандай ғойиб бўлганини билишга ҳаракат қилдилар. Қайси тарафдан қараманг, у журналист Саудия тарафидан ўлдирилгани асосий тахмин бўлиб қолаверади.

Аммо, биз бу воқеа атрофидаги воқеаларни ёритмадик, чунки, у журналист Саудия Арабистони тарафидан ўлдирилгани биз учун аввадан шубҳасиз эди.

Кеча дунё жамоатчилигининг, очиғини айтсак, асосан, АҚШнинг босими остида Саудия Арабистони расмийлари Жемал Кашикчи Саудиянинг Истанбулдаги консуллиги ходимлари билан жанжал пайтида ўлганлигини тан олдилар. Куласизми, йиғлайсизми, у ўлдирилмабди, ўлибди холос. Энди яқин кунларда бутун дунё шу воқеанинг тафсилотларини аниқлаш билан шуғулланиши ҳам шубҳасиздир.

Аммо, муҳим бўлган нарса – ўзини Исломнинг Макка ва Мадинадаги муқаддас жойларининг қўриқчиси деб эълон қилган, Ҳаж ва Умра зиёратларини тўла қўлига олиб бўлган Саудия Қироллиги бу воқеадан кейин ўлиб бўлганидир. Ҳеч қандай шубҳа йўқки, энди навбат Ислом динининг ўзига келади ва Ислом дини ўлади.

Бунинг олдини олишнинг ягона йўли – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва қуйидаги икки мақсадга эришишдир.

Биринчиси. Ҳаж ва Умра зиёратлари билан боғлиқ ерларни Саудия Арабистонидан ажратиб олиш ва, масалан, ҳамма мусулмон мамлакатларини бирлаштирувчи Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг тўла назорати остига ўтказиш.

Иккинчиси. Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секляризм принципини тан олишига эришиш.

Шундай қилолмасак, Ислом дини ўлади. Ҳақиқий мусулмонлар бунга йўл қўймасликлари ва бундай фикрларни биринчи бўлиб ўртага қўйган “Ҳаракат” атрофида бирлашишлари керак.