22 July 2018
07:42 - “Ҳаракат” ўз ўқувчисининг “Шайх Зайниддин” масжиди имом хатибини танқид қилувчи хатини эълон қилганди, ўша имом хатиб ишдан олинди
Шу йил 17 июлда Абдулазиз Шарифхонов исмли ўқувчимиздан келган “Айтгани ҳам, қилгани ҳам хато мулла” сарлавҳали хатни сайтимизда ва унинг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилган эдик. Хатда айтилишича, “Шайх Зайниддин” масжиди бош имом ҳатиби Одилхон Исмоилов чин қалбдан динни юксалтириш йўлида фаолият олиб бориш, халқимизга ўрнак бўлиш ўрнига, мусулмонлар ичида дин пешвосидан кўпроқ, бизнесмен сифатида танилиб бораётгани, “Бахо шакарчи” каби тадбиркор ва бир қатор “криминал авторитет”лар билан “апоқ-чапоқ” бўлиб юриши танқид қилинган ва бундай одамлар ёки бизнес қилиши, ёки имомлик билан шуғулланиши кераклиги урғуланган эди.

Kun.uz сайти кеча ярим кечасига яқин тарқатган хабарига кўра, Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси раҳбари, муфтий Усмонхон Алимовнинг буйруғи билан “Шайх Зайниддин” масжиди имом хатиби Одилхон қори ўз вазифасидан озод этилган ва унинг ўрнига Тошкент шаҳри, Чилонзор туман бош имом хатиби Хусниддин Абдукаримов тайинланган. Одилхон қори ўғлининг нима сабабдан лавозимидан озод этилгани ҳақидаги маълумот йўқлиги хабарда урғуланган.

Аммо, ҳеч шубҳасиз тахмин қилиш мумкини, уни бизнинг сайтимизда эълон қилинган Абдулазиз Шарифхоновнинг хати туфайли ишдан олганлар.

“Ҳаракат” Агентлиги Абдулазиз Шарифхоновнинг хатига таҳлил берар экан, Ислом дунёси жаҳоннинг энг қолоқ ва қашшоқ қисмига айланиб бўлгани, бу аҳволдан чиқишнинг ягона йўли – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секеуляризм принципини тан олишига эриш эканлигини айтиш билан бир қаторда, имом хатибларни демократик йўл билан мусулмонлар сайлайдиган замон келаётганини урғулаган эди. Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси ҳам бизнинг таҳлиллардан дарс олишга ўрганиши керак.