17 June 2018
16:01 - Хабар деса бўладиган хабар: Македония Республикаси ўз номини Шимолий Македония Республикаси деб ўзгартирди
Югославия парчаланиб кетгандан кейин, 1991 йилда мустақиллигини эълон қилган давлатлардан бири Македония Республикаси эди. Аммо, ўшандан бери Юнонистон (Греция) билан бу янги давлат жанжал ичида эдилар. Гап шундаки, Юнонистоннинг таркибдаги 13 та маъмурий ҳудудлардан биттасининг номи Македония эди. Юнонлар иккита Македония борлиги тушунмовчиликларга сабаб бўлаётганини важ қилиб, Македония Республикасидан ўз номини ўзгартиришни талаб қилшарди.

Бугун бутун жаҳон ахборот воситалари хабар қилишича, Юнонистон ва Македония Республикасининг ташқи ишлар вазирлари Никола Димитров ва Никос Котзиас икки мамлакат чегарасидаги Псарадес шаҳарчасида Македония Республикасининг номини Шимолий Македония Республикаси деб аташ тўғрисида келишув ҳужжатини имзоладилар.

Псарадес шаҳарчаси Юнонистонда бўлиб, келишувни имзолаш маросимида Юнонистон ва Македония Республикасининг бош вазирлари Алекси Циприс ва Зоран Заев ҳамда БМТ Бош котибининг махсус вакил Мэтю Нимица, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар вазири деса бўладиган Федерика Могерини и еврокомиссар Йоханнес Хан иштирок этибдилар.

Шимолий Македония Республикасида 2 миллиондан бироз кўпроқ одам яшайди. Уларнинг 1,3 миллиони македонларлардир. Албанлар ярим миллион атрофида, турклар сал кам 80 минг. Македонларнинг тили болгарларникига яқин.

Расмда – Шимолий Македония Республикасининг байроғи.