11 June 2018
18:42 - Канадада G7, Хитойда ШҲТ саммити тугади, ким олдинда? Ким ғолиб, ким ютқазмоқда?
Кеча 10 июнда Канаданинг Квебек шаҳрида Канада, Франция, Германия, Италия, Япония, АҚШ ва Буюкбритания давлатларини бирлаштирувчи G7нинг саммити ўз ишини битирди. Сингапурда 12 июнда Шимолий Корея диктатори билан учрашуви аввалдан режалаштирилган АҚШ Президенти Доналд Трамп, ҳали вақт кўп бўлишига қарамасдан, G7нинг ниҳоий баёнотномасини имзолашни ҳам кутмасдан, шанба куни Квебекни тарк этди. Аммо, бошқа давлат раҳбарларининг АҚШга ёпишганларидан жони чиққан Доналд Трамп ниҳоий баёнотномани АҚШ имзоламаслигини Оқ Уйдан эълон қилди.

Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити кеча ҳеч қандай муаммосиз тугади. Ҳамма давлат раҳбарлари ШҲТ аъзоларининг сони Ҳиндистон ва Покистон билан бирга 8 га чиққани, Ер юзи аҳлисининг 40 фоизи яшайдиган давлатларни бирлаштирувчи ШҲТда жаҳон Ялпи Ички Маҳсулотининг чораги ишлаб чиқарилишидан ва айнан ШҲТ яқинда дунёда лидерга айланишидан хурсанд эдилар. ШҲТнинг умумий гаплардлан иборат баёнотномаси ҳам эълон қилинди.

Қаранг, бир қарашда, ШҲТда ҳамма нарса яхши, бечора G7 эса, ниҳоий баёнотномасини ҳам эълон қилолмади. Аслида, ҳамма нарса бутунлай бошқача.

Ҳозир дунё алғов-далғовликлар ичида, Ғарб билан Россия ўртасидаги совуқ уруш авжига чиқмоқда. НАТО Россиянинг ғарбий чегараларига яқин давлатлрда ўз қуролли кучларини кўпайтирмоқда. Доналд Трам “АҚШни янгидан буюк давлат қилиш” ниятида ўзининг НАТОдаги иттифоқчилари билан ҳам жанжал ичида. Айнан шу сабабдан G7нинг ниҳоий баёнотномаси ҳам имзоланмади.

Аммо, буларнинг ҳаммаси G7 раҳбарларини бор муаммоларни ечиш устида ишлашга мажбур қилади. Бор муаммолардан қочмасдан, улар устида ишлаш натижасида G7 янада кучлироқ бўлиши шубҳасиздир.

ШҲТда ташқи кўринишидан ҳамма нарса яхши кўринса ҳам, аслида, аҳвол яхши эмас. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича ҳатто МДҲдан ҳаммдан орқадалар, аммо янги аъзолар Ҳиндистон ва Покистонда ҳам аҳвол Ғарбга нисбатан жуда ёмон. Масалан, Ҳиндистонда Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот $1626 га тенг. Бу Ўзбекистонимиздан 1,6 марта кўп, аммо Ғарбдан тахминан 20 марта (!!!) кам. Покистон ҳам Ғарбдан 6 марта орқада. Хитой ва Россия 3 марта орқада. Ўзбекистон Ғарбдан тахминан 30 баравар орқадалигини гапириб ҳам ўтирмайлик. Бу муаммолар тилга олинмаптими, демак, улар устида ишланмайди.

Хуллас, оддий солиштириш ҳам кўрсатиб турибдики, ШҲТ яқин орада эмас, қачонлардир Ғарбга етиб ололадими деган савол ўртага чиқаверади. Ҳа, “Ҳаракат” ҳар доим айтиб келаётганидек, фақат Ўзбекистонимиз эмас, ШҲТнинг ҳамма давлатлари фундаментал ислоҳотларга муҳтожлар. Ўзбекистонни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказиш керак. Хитой ва Россия демократиялашиши керак. Аммо, демократиялашиш – бу давлатларни парчаланишга олиб келади-ку.

Демак, яқин орада Ғарбнинг ҳукмронлиги давом этаверади. ШҲТ қоғозда қолаверади. Агарда, ШҲТ Эронни ҳам аъзоликка қабул қилса, бу – ШҲТ битгани бўлади.

Расмда - G7 лидерлари Донал Трампни қуршовга олиб, унга ташланмоқдалар.