28 September 2017
21:42 - Ёзувчи Нурулло Отахон конституциявий тузумга тажовузда айбланмоқда, бу бечора - Ислом динининг хатолари қурбонидир

Бугун Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжа брифинг ўтказиб, кеча Тошкент аэропортида Истанбулдан қайтиб келаётган ёзувчи Нурулло Отахоннинг ушланишига доир тафсилотларни очиқлади. Терговчига кўра, Нурулло Отахон ёзган китоблар ва чиқишлари ўрганилиб, экспертиза хулосалари олинганидан сўнг, унга нисбатан шу йилнинг 11 май куни Яшнобод тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК 159-моддаси 1-қисми (Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш) аломатлари билан жиноий иш қўзғатилган.

Сўнгра жиноят мажмуасининг 244-1 моддаси, 3-қисми “г” банди (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) бўйича сиртдан айб эълон қилиниб, қидирувга берилган. Унинг ўз оёғи билан келиши милицияга асқотди ва аэропортда ҳибсга олинди.

Бир қарашда, дейди мухбиримиз, Ўзбекистонда мусулмонларга айблов юклашнинг ислом-каримча модели ҳамон амалда ишлаётгандек ва бу масалада ҳеч нима ўзгармагандек кўринади. Аммо, масалага чуқурроқ қараш керак.

Маълумки, Ўзбекистон ўз Конституциясига кўра, дунёвий/секуляр давлат, яъни бизда давлат диндан ажратилган. Айни замонда, бизда дин эркинлиги борлиги ҳам ҳар қадамда гапирилади. Аммо, Ислом динининг Қуръонни хато тафсир қилинишидан келиб чиққан ва ҳозир тан олинган тушунчаларига кўра, давлат исломий бўлиши керак.

Дониёр Тошхўжа Нурулло Отахонни Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбламоқдами, демак, у ўз асарларида ўзи ҳам тушуниб тушунмай исломий давлат яратиш ғоясини олдинга сурмоқда. Дин эркинлиги нуқтаи назаридан қарасак, унинг ҳеч қандай айби йўқ. Аммо, мавжуд конституциясидан келиб чиқсак, у катта жиноятга қўл урмоқда, Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовиз қилмоқда.

Қаранг, у бир тарафдан айбдор, иккинчи тарафдан айдор эмас.

Бу боши берк кўчадан чиқишнинг ягона йўли – “Бирлик” Партияси Абдураҳим Пўлат ва “Бирлик”нинг жарчиси “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери айтиб келаётганидек, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом динининг ўзи дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир.

Акс ҳолда, Исломнинг хато тушунчаларига асосланиб, дунёвий давлатни исломийга айлантириш учун ҳаракат қилаётган, бу йўлда террордан ҳам воз кечмайдиган ислом фанатикларини ҳеч қачон тўхтатиб бўлмайди. Бундай фанатиклар айбсиз айбланиб, қамоқларда чирийверадилар. Қамоққа тушмаганлар эса, терроризм йўлига ўтадилар. Бу йўл Ислом динини ўлимга олиб боради.