14 September 2017
02:15 - ЎзА: Нурсултон Назарбой Тошкентга келмоқда. "Ҳаракат": У ва Шавкат Мирзиё Ислом дунёси ўта қашшоқлигини тан олишди, бу аҳволдан чиқиш учун ҳам Абдураҳим Пўлатнинг таклифларини қабул қилишга маҳкумлар

Ўзини "Миллий Ахборот Агентлиги" деб атаса ҳам, аслида, замонавий хабарчилик нималигини ҳам билмайдиган ЎзА билдиришича, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой шу йил 16-17 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизга келармиш. Ўта қисқа хабарда айтилишича, икки президент сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишар ва долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашишар эмиш.

Давлат раҳбарлари учрашганда айнан шу каби масалаларни муҳокама қилишларини ҳамма билади. Фақат шуларни билдириш учунгина хабар тарқатиш - аҳмоқликдир.

Агар ЎзАда хабарчиликни тушунадиган биронта одам бўлса эди, бу хабарга қуйидаги жумлалар ҳам қўшилиши керак эди:

"Маълумки, Нурсултон Назарбой ва Шакат Мирзиё 10-11 сентябрь кунлари Остонада бўлиб ўтган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича саммитида ҳам бирга бўлдилар. Айнан шу ерда Остона Декларацияси қабул қилинди, бу Декларациянинг 7-чи моддасида "Ислом жамияти ҳаддан ташқари қашшоқлиги, одамларнинг ақл-идроки ҳам қашшоқлиги" очиқча тан олинди.

Ваҳолангки, бу фикрни Ўзбекистон "Бирлик" Партияси лидери Абдураҳим Пўлат йиллардан бериб айтиб келарди, аммо унга Нурсултон Назарбой ва Шавкат Мирзиёлар ҳам эътибор беришмасди. Мана энди Остона Декларациясида Абдураҳим Пўлатнинг фикрларини тўғрилигини тан олишибди.

Энди асосий вазифа - Ислом дунёсини бу аҳволдан олиб чиқариш устида ишлашдир. Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари Тошкентдаги учрашувларида бу ҳақда ҳам гаплашишлари муқаррар. Аммо, Ислом дунёсини ҳозиги аянчли аҳволдан олиб чиқишнинг ягона йўли - Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш, авваламбор Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришиш, сўнгра динимизнинг ягона фарзи ИМОН эканлигини тан олиш эканлигини яна ўша Абдураҳим Пўлат йиллардан бери айтиб келмоқда-ку!

Нурсултон Назарбой ва Шавкат Мирзиёнинг Ислом дунёсини ғариб аҳволдан олиб чиқиш хусусида ҳам  Абдураҳим Пўлат айтган фикрларни тан олишдан бошқа йўллари йўқ. Акс ҳолда, улар Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатларнинг тарихини қўйиб туринг, Ислом дунёси, қолаверса, жаҳон тарихига ҳам, бурнилари остида айтилаётган ҳақиқатни кўролмаган масхарабоз сиёсатчилар сифатида кирадилар".