05 June 2017
07:47 - Хабарга ҳам арзимайдиган хабар: 3 июнь куни кечқурун Лондондаги кўприкда микроавтобус йўловчилар устига юрди, 7 киши ҳалок бўлди, 50 га яқин ярадор бор

Бу ҳақда хабар тарқатаётган жаҳоннинг машҳур ахборот воситалари Лондоннинг марказида Темза дарёси устидан ўтувчи бир неча машҳур кўприкдан қайсибири устида исломий эканлигига ҳеч қандай шубҳа бўлмаган бундай теркат бўлганини билдирганлари йўқ. Аслида, бунинг аҳамияти ҳам йўқ бўлса керак. Аммо, мусулмонларни ўзларича ҳурмат қиладиган ғарблик журналистлар бу теракт учун “исломий” ифодасини ишлатмаётганлари олқишга сазовор бўлиши мумкин

Микроавтобуc йўловчилар устига юргандан кейин, унинг ичидан чиққан 3 пичоқли киши атрофдаги одамларга ҳужум қилган. Шу яқин жойдаги савдо марказида ҳам ҳужум бўлгани ҳақида хабарлар тарқатилди, лекин, бу ҳақда ҳали ҳам аниқлик йўқ. Теракт натижасида 7 киши ҳалок бўлгани, 50 га яқини ярадор бўлиб, уларнинг анчаси жуда оғир аҳволда эканлиги айтилмоқда. Полиция уччала террористни ҳам отиб ўлдирибди.

Жаҳон давлатларининг раҳбарлари инглизларга таъзия изҳор қилиш билан бир қаторда, ҳаммани терроризмга қарши бирлашишга чақирмоқдалар. Ҳатто Россия президенти Владимир Путин ва Чеченистоннинг ҳаромий раҳбари Рамзон Қодиров ҳам бундай иттифоққа қўшилишга тайёр эканликларни билдирибдилар. Лондон ҳокими мусулмон Содиқ Хон шаҳар аҳолисини кўчада полиция кўпайганидан хавотир бўлмасликка чақирса, АҚШ Президенти Доналд Трамп шундай буюк терактдан кейин одамларни хавотир бўлмасликка чақириш устидан кулибди. Энди ҳамма Трампга тош отиш билан овора. Яъни, ҳаммаёқда масхарабозлик.

Аслида, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери айтиб келаётганидек, ислом терроризмининг илдизлари - Қуръонни хато тафсир қилишдан келиб чиққан, аммо ҳозир Ислом дини тарафидан қабул қилинган хато тушунчалардадир. Демак, Ислом дини ўз ичида фундаментал ислоҳотлар ўтказиб, бу хатолардан қутилмагунча, биринчи навбатда, дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча, ислом терроризмини куч билан енгиб бўлмайди. Демак, Ислом дунёсининг аҳволи хароблашиши давом этаверади.

Мусулмонларнинг ўзини қўйиб туринг, шундай оддий ҳақиқатни тушунмаётган Ғарб устидан кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан. Балки, бунга ҳайрон бўлиш керакмасдир. Чунки, бор-йўғи 400 йил аввал айнан шу Ғарб, тўғрироғи, насронийлар, соддароқ қилиб айтсак, “Қуёш Ер атрофида эмас, Ер Қуёш атрофида айланади” деган Жордано Брунони “муқаддас инквизиция” судининг қарори билан тириклайин ёққанлар-ку!

Қолаверса, ўша суд системасининг қарорлари билан тахминан 3 асрда тахминан 300 минг киши тириклайин ёқилганини ҳам унутмайлик. ИШИД, Ал-Қоида ва бошқалар тарафидан ўлдираётганларнинг сони эса, ҳали бир неча ўн мингдан ошгани йўқ. Демак, ҳеч шошишга ҳожат йўқ. “Бирлик” ва "Ҳаракат"га раҳмат айтиш куни ҳам албатта келади.