07 February 2017
18:38 - 20 минг доллар таъма қилган содда порахўр ҳибсга олинибди
Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ходими Умид Равшанбековни йирик миқдорда пора олаётганида қўлга олишган.

Бу одам порахўрликда айбланаётган хоразмлик ҳамкасби Отабек Тўраевнинг ишини тинчитиш учун унинг қариндошларидан 20 минг доллар сўраган. Қариндошлар эса хавфсизлик хизматларига хабар қилиб, Равшанбековни 10 000 доллар билан Чилонзордаги кафелардан бирида қўлга тушириб беришган.

“Тергов доирасида Равшанбековнинг шерикларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати коррупция, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ва товламачиликка қарши кураш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда” деб хабар қилди Спутник нашри.

Умид Равшанбеков бунчалик содда бўлмасдан, олаётган порасини МХХчилар билан бўлишиш ниятини уларга аввалроқ билдирса эди, ҳамма нарса ўзи учун зўр бўларди. Ҳали ҳам кеч эмас, келажакда олинадиган пораларни бўлишиш хусусида ҳозир айнан келишиб олиш пайтидир. Келишувдан кейин ҳозирги тергов ишлари дарҳол тўхтватилади.