06 December 2016
20:25 - АҚШ ва Европадан бошпана сўраётган россияликлар сони кескин ортмоқда
“Свобода” радиосининг инглизча хизматига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, 2016 йили АҚШдан бошпана сўраган россияликлар сони сўнги 20 йилнинг максимумига чиқибди. Владимир Путиннинг 3-чи президентлик вақтида, яъни 2012 йилдан бери, бошпана сўраганларнинг сони 2 баравар ошибди ва бу йилнинг 9 ойида 1912 га чиқибди. 1994 йили 2127 киши АҚШдан бошпана сўраган, кейинги йилларда бу рақам камайиб борган экан. Ҳозир яна ортиш даври келибди.

Европа мамлакатларидан бошпана сўраётганларнинг сони бундан ҳам кўп. Масалан, 2015 йили Европадан бошпана сўраганларнинг сони 2014 йилга нисбатан 30 фоизга ортиб, 18 мингдан кўп бўлган экан. Бу йил бундан ҳам кўп бўлиши кутилмоқда, дейилади хабарларда.

Табиий, Владимир Путин Сталинча усуллар билан СССРни бўлмаса ҳам, унга ўхшаш империяни тиклаш сиёсатини олиб борар экан, бу мамлакатдан қочадиганлар сони ортиб бориш ҳам табиий, дейди мухбиримиз. Аммо, Путин яна ҳамма нарса эскиси каби бўлишини, СССР парчаланган каби Россия Федерацияси ҳам парчаланиб кетишини тушунмаётганга ўхшайди.