03 November 2016
17:45 - Муваққат президент раҳбарларга фуқарони қабул қилиш топшириғи берибди. Абдураҳим Пўлат айтганидек, фундаментал ислоҳотларсиз қолоқликдан чиқолмаслимизни у тушунмайдими?

Ўрисларнинг “Новости” ахборот агентлигининг хабарига кўра, Ўзбекистон давлат органлари раҳбарлари ҳар куни куннинг биринчи ярмида фуқароларни шахсан қабул қилишлари шарт. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиё тегишли қарор чиқарган.

Ҳужжатга асосан барча давлат органларига аҳоли ва тадбиркорлар учун кунлик соат 8 дан 11 гача шахсий қабулларни ташкил қилиш, жойларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ишлашни тубдан қайта кўриб чиқиш, уларнинг муаммолари ва эътирозларини жойида ҳал этиш, аҳоли билан ишлаш маданиятини ошириш юклатилган.

Ўз навбатида Ўзбекистон Бош прокуратурасига аҳоли ва тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатлардаги масалалар юзасидан қайта мурожаатлар келиб тушган ҳолатда, такрорий мурожаатга йўл қўйган масъул раҳбарларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш тавсия этилди, дейилади маҳаллий матбуот хабарларида.

Ҳар қандай мамлакатда фуқароларнинг шахсий, яъни хусусий, аммо ҳуқуқий йўллар билан ҳал қилиниши керак бўлган муаммолари вақти-вақти билан ўртага чиқиб турдади. Уларга ҳам эътибор бериш керак ва шу маънода Шавкат Мирзиёнинг маҳаллий раҳбарларга берган топшириғи олқишланиши керак.

Аммо, Ўзбекистон аҳолисининг мутлақо кўпчилиги учун умумий бўлган муаммолар бор.

Ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлмиш киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича, ривожланган давлатлардан 30-50 баравар орқадалигимизни қўйиб туринг, қўшниларимиз Туркманистон ва Қозоғистондан 6-8 баравар орқадамиз. Ўзбекистонда ўртача ойлик 90 доллар атрофида, Қозоғистонда 700 доллар атрофида. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олади.

Ўзбекистонда олий таълим системаси ўлиб бўлди, тиббиёт системаси ўлим арафасида.

Одамларнинг эркинлик даражаси бўйича жаҳонда охиридан иккинчи ўринда турамиз. Ўзбекистон катта қамоқхонага айлантирилган. Дунёнинг бир неча ўта диктаторлик давлатларидагина фуқаролар чет элга чиқиш учун рухсат/виза олишлари керак. Бу давлатлардан биттаси ўзимизнинг Ўзбекистон.

Ўзбекистонни мустақиллика эриштиришда асосий роль ўйнаган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиси рўйхатдан ўтиш учун 13 йил аввал ариза берган. Адлия вазирлиги ҳали ҳам тегишли қарор чиқармади. Инсонларнинг сиёсий ҳуқуқларини бунчалик топташ, балки, дунёда биринчи марта бўлмоқда.

Бу муаммолар устида ўйлаш керак, жаноб Шавкат Мирзиё!

“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси раиси Абдураҳим Пўлат Сизга 24 октябрь куни юборган мактубида Ўзбекистонни косметик ислоҳотлар билан ҳозирги аҳволдан чиқариб бўлмаслиги, Ўзбекистон инқилобий, фундаментал ислоҳотларга муҳтож эканлигини асослаб берган. Бундай ислоҳотлар қилмасангиз, тарихга қандай ном билан киришингизни ўйлайсизми? Маҳаллий раҳбарларга топшириқ бериш, Тошкентда янги метро линияси қуришни бошлаш, Самарқандда трамвай йўли қуриш каби ишлар билан Ўзбекистонни қолоқлик ва қашшоқликдан чиқариб бўлмаслигини тушунасизми?