09 June 2016
08:33 - Нурсултон Назарбой Оқтепадаги терактда ҳалок бўлганларни хотирлаш учун бугунни Миллий мотам куни деб эълон қилди
5 июнь куни Қозоғистоннинг Оқтепа шаҳрида исломчи экстремистлар деб тахмина қилаётганлар гуруҳи иккита қурол сотиш дўкони ва қандайдир ҳарбий объектга ҳужум қилиши натижасида 7 киши ҳалок бўлиб, 37 киши ярадор бўлган эди. Ҳалок бўлганларнинг 3 нафари ва ярадор бўлганларнинг кўпчилиги ҳарбийлар эканлиги расмий хабарларда айтилмоқда.

Кеча шу воқеа муносабати билан Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой расмий баёнот тарқатиб, мамлакатнинг ҳуқуқ тартибот органлари террористларни йўқ қилганлари, террористлар юрт ташқарисидан топшириқ олган радикал псевдодиний оқимларга оид эканлиги, кимлардир Қозоғистонда “рангли инқилоб” уюштириш ниятида бўлганини урғулаган ва ҳалок бўлганларни хотирлаш учун 9 июнни Миллий мотам куни деб эълон қилган.

Қозоғистонда тарқатилаётган хабарларга кўра, ўша куни 13 террорист ўлдирилган, 14 таси ярадор бўлган. Яна 20 киши охирги дақиқаларда террористик ҳужумларда иштирок этишдан воз кечгани, уларнинг ҳаммаси сўроқ қилинаётгани ҳам айтилади.

Аммо, хабарларда мавҳумлик кўп. Биронта террористнинг исми ёки миллати, бу гуруҳнинг қандай диний оқимга мансуб эканлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот берилаётгани йўқ. Бундай уюшган террористик гуруҳ қаердан пайдо бўлиб қолгани ҳам умуман тилга олинмайди. 13 террорист ўлдирилган, 14 таси ярадор бўлган, 20 таси терактларда иштирок этишдан охирги дақиқаларда воз кечган бўлса, катта террористик гуруҳ тўғрисида гап кетмоқдаку!?

Хуллас, бу воқеалар орқасида қандайдир айтилмаётган сир бор. Украина ахборот воситалари бу қонли ҳужумлар Россиянинг топшириғи билан Нурсултон Назарбой режимини йиқитиш мақсадилда уюштирлагани ҳақида ёзмоқдалар, аммо ҳеч қандай ишонса бўладиган факт ва аргументлар келтирмайдилар.