13 February 2014
22:20 - Ислом Каримнинг Чехияга сафари барбод бўлди: бу яхшими ёки ёмон?

Президент Ислом Каримнинг 20-22 февраль кунларига белгиланган Чехия Республикасига давлат ташрифи кейинга қолдирилди. Чехия Президентининг маслаҳатчиси Ҳинек Кмонисек (Hinek Kmonicek) турли оммавий ахборот воситаларига бу хусусда баёнот бериб, Чехия Бош вазири ва Прага шаҳар мэри ўзбек расмийлари билан айнан расмйий сафар кунлари учрашолмалигини билдирган. Албатта, учрашувнинг қолдирилишига баҳона сифатида дипломатик мулозамат қоидаларига мос равишда сафар ва таътил масаласи кўрсатилган.

Аммо ўз-ўзидан тушунарлики, Чехия ҳукумати жамоатчиликнинг, тўғрироғи, бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларнинг таъсири остида бу қарорга келди. Айнан улар Чех ҳукуматини диктатор билан учрашмасликка чақирганди.

Ўзбекистон ҳукумати эса бу ҳолдан дарғазаб бўлиб, дипломатик ноталар ёзиш билан овора бўлса керак. Чехия тарафи эса вазиятни юмшатиш учун сафар номаълум муддатга кечиктирилганини, унинг бутунлай бекор қилинмаганини урғуламоқда. Бироқ, тахмин қилиш мумкинки, энди сафар бўлмайди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ўз ғалабаларини нишонлаётган айни дамларда шуни айтиш керакки, бу “ғалаба” сиёсий жиҳатдан катта аҳамиятга эга эмас. Чунки Ўзбекистон токи демократик дунё билан интеграциялашмас экан, оддий ўзбекларнинг кўпчилиги на Ўзбекистондаги вазият, на ўзининг аҳволи билан қизиқмас экан, ташқаридан босим билан жиддий ўзгаришларга эришиб бўлмайди. Инсон ҳуқуқлари эса Ўзбекистон каби авторитар мамлакатда яна минг йил жаҳон ҳамжамияти босим ўтказса ҳам ўзгармай қолаверади. Айниқса, Андижон воқеаларидан кейинги вазият буни амалда исботлади, дейди мухбиримиз.

Ўшанда ЕИ ва АҚШ Ўзбекистонга қарши санкциялар киртиди, бу эса самар бермади. “Бирлик”нинг таклифидан сўнг музлар эриди, Ўзбекистоннинг демократик дунё билан интеграцияси фаоллашди. Бу эса келажакда Ўзбекистонда ижобий ўзгаришларга ўзига хос пойдевор эди.

Ҳозир юрт ташқарисига чиқиб олиб, мухолифатчиликка ёки ҳуқуқ ҳимоячилигига даъво қилаётганлар Ўзбекистон ичида жуда оғир шароитда бўлса фаолият олиб бораётган “Бирлик” Партияси ва “Эзгулик” Жамиятига ёрдам бериш билан шуғуллансаларгина фойда бўларди. Юрт ташқарисида яшаб, айнан шу йўлни тутаётган Абдураҳим Пўлат ва Пўлат Охуннинг фаолияти ҳаммага ўрнак бўлиши керак.

Билмайдиганлар учун шуни эслатиб қўйиш лозимки, Кастро ҳокимиятга келгандан кейин Куба, Саддам замонида Ироқ ва ҳозир Эрон режимига ташқаридан доимий катта босим бўлган. Кубада 50 йилда (!!) ҳеч нарса ўзгармади, Федя Кастро ўз ажали билан ўлимга тайёрланмоқда, Ироқда ҳеч нарса қилиб бўлмагандан кейин, АҚШ ҳарбий куч билан Саддамнинг режимини йиқитди, Эронда ҳам инсон ҳуқуқлари масаласида ҳеч қандай ўзгариш йўқ ва бўлмайди ҳам.

Расмда – Чехия Президенти Милош Земан.