13 April 2013
01:25 - Президент Ислом Каримнинг Россияга сафари ҳеч қандай амалий натижага эга бўлмайди
Бугун тарқатилган расмий хабарларда таъкидланишича, Президент Ислом Карим Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 14-15 апрель кунлари расмий ташриф билан Россияда бўлади. Президентнинг матбуот хизматига кўра, ташриф доирасида давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашади.

Ташриф якунлари бўйича 2013-2017 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик дастури, Сармояларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим ҳамда икки мамлакат президентлари томонидан 2012 йил 4 июнь куни Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларацияда белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган бошқа ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган.

Булар Ўзбекистон тарафининг фикрлари. Россия Ислом Каримнинг ташрифи ва у билан келишиладиган масалалар устида нима ўйлайди? "Ҳаракат" Агентлигининг Кремлда мухбирлари ёки агентлари ҳали йўқ. Аммо тахмин қилиш қобилиятимиз кучли эканлигини кўп марта исботлаганмиз. Ҳозирги тахминларимиз қуйидагича.

Ислом Карим сиёсатчи сифатида банкрот бўлгани, унинг раҳбарлигида Ўзбекистон қашшоқ ва иштонсиз давлатга айланганини ҳозир ёш болалар кўрмоқда ва тушунмоқда. Шундай экан, Ўзбекистон Президентининг ялиниб сўраб олган ташрифи расмиятчилик учунгина амалга оширилади. Руслар бу иштонсиз президентдан кейин барибир ҳокимиятга келадиган ватанпарварлар ҳокимияти билан ҳисоблашишга мажбур бўлишларини жуда яхши тушунишади ва тўғри қилишади. Янги ҳокимият Ислом Карим режими тарафидан имзоланган ҳамма ҳужжатларни қайтадан кўриб чиқишини фақат аҳмоқ тушунмаслиги мумкин. Руслар аҳмоқ эмас.