21 June 2014
19:37 - Қонунчилик Палатасида жиноят даражасидаги масхарабозлик: Миллатни алдаб ва ҳуқуқларини топтаб, Давлат Бюджетининг бажарилиш ҳисоботини тасдиқлашибди. Ҳуқуқ ҳимоячилари қаерда?
Ҳа, Қонунчилик Палатасининг 20 июнь куни ўтказилган йиғилиши оддий масхарабозлик эмас, жиноят даражасидаги масхарабозликдир. Чунки, Қонунчилик Палатаси олдида Давлат Бюджетининг 2013 йилда ва 2014 йилнинг биринчи уч ойлигида бажарилиши бўйича ҳисобот берган Бош вазир ўринбосари, Молия вазири Рустам Азимов ҳам, уни тинглаб, ҳақиқий аҳволни аниқлаш учун ҳаракат қилмаган депутатлар ҳам, ўзбек миллати олдида жиноят қилдилар.

Қандай жиноят дейсизми? Ўзбекистон давлатининг иқтисодий аҳволи ўта ёмон эканлиги халқдан бекитилиб келинаётгани, бу аҳволдан чиқиш йўллари кўрсатилмаётгани, энг муҳими, бу масалалар бўйича халққа ҳисобот берилмаётгани - ҳақиқий жиноятдир. Вақти келади, Рустам Азимов ҳам, депутатлар ҳам, бу жиноятлари учун жавоб берадилар.

Бу йиғилиш ҳақида тарқатилган расмий хабарларда Давлат Бюджети, унинг даромад ва ҳаражат қисмлари қанча эканлиги айтилмайди. Муҳимлик даражаси паст бўлган юзлаб рақамлар келтирилади. Уларга қарасангиз, ҳамма нарса “Во!”.

Ҳамма нарса шундай яхши бўлса, нима учун асосий кўрсатгичлар халқдан бекитилади? Уларни ҳам айтиш керак эдику!?

Рустам Азимов Ялпи Ички Маҳсулот 8 фоиз ошгани билан мақтансада, унинг абсолют миқдорини айтмайди. Бюджет бажарилганини айтса ҳам, унинг абсолют миқдорини айтмайди, юрт ташқарисида ишлайдиган юртдошларимиз Ўзбекистонга Давлат Бюджетининг даромад қисмига тенг келадиган миқдорда пул юборишаётганини, бу пул бўлмаса, Ўзбекистон давлат сифатида ўлиши аниқлигини айтмайди.

Ваҳолангки, “Ҳаракат” Агентлиги аниқ фактлар билан исботлаб беришича, Ўзбекистонда йиллик Ялпи Ички Маҳсулот 50 млрд доллардан ҳам кам. Қозоғистонда эса, 200 млрд доллардан кўп. Яъни, иқтисоднинг асосий кўрсатгичи бўлмиш Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича қозоқлардан 4 марта орқадамиз. Аммо, Қозоғистоннинг аҳолиси биздан 2 баравар кам эканлигини ҳисобга олсак, киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича қозоқлардан 8 баравар орқадамиз. Ва бу фарқ ҳар йили ортиб бормоқда.

Бизда ўртача ойлик ҳам қозоқлардан 8 баравар кам. Қозоқ дворниклари ўзбек профессорларидан кўп маош олишади. Ўзбеклар қозоқларга мардикорлик қиладиган халққа айлантирилмоқда. Мавжуд ҳокимият тарафидан айлантирлмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, бундай ғариб аҳволимизни халқдан яшираётган, аҳволни тузатиш учун ҳеч нарса қилмаётган Ўзбекистон ҳукумати ва парламенти жиноятчилар тўдасидир.

Бу ҳукумат ва парламент аъзолари ўзбекларнинг энг муҳим инсоний ҳақ-ҳуқуқларини, ҳеч бўлмаса қўшнилардек, оддийроқ қилиб айтсак, одамдек яшаш ҳуқуқларини поймол қилишмоқда.

Ўзини ҳуқуқ ҳимоячиси деб ҳисоблайдиган фаоллар майда-чуйда масалалар билан эмас, инсоннинг бу ерда айтилаётган фундаментал ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланишлари шарт. Аммо, “Эзгулик” жамияти фаолларидан бошқа ҳеч ким бундай масалалар билан қизиқмайди ҳам. Бу қизиқмаётганлар ҳам вақти келиб миллат олдида жавоб беришади.

Ўзбекистон ташқарисига қочволиб ва турли грантлар олиб олиб, ҳуқуқ ҳимоячилигига даъво қилаётган, аммо ўз чўнтагидан бошқа нарсани ўйламай қўйганларнинг ҳам ягона вазифаси – бундай фундаментал масалалар билан Ўзбекистон ичкарисида шуғулланаётганларга ёрдам беришдир. Улар ҳам ахир бир кун халқ олдидада жавоб бериш кераклигини унутишмасин.