Холдор Вулқон - Олисларда ёнган чироқлар (ҳужжатли қисса)
(Давоми. Бошланиши журналнинг аввалги сонида)

5. Камолиддин «партия»

Мен бадиий адабиётга қизиқибгина қолмай, расм чизишни хам яхши кўрардим. Акамнинг китобида қайсидир рус рассоми, Репин бўлса керак, «Бурлаклар» номли картинасидан кўчирма босилган бўлиб, унда бир туп оч қолган, ҳорғин, усти бошлари йиртиқ, соч-сақоли хашакдек тартибсиз одамлар қайишлар, арқонларни елкаларига кийиб, Волга дарёсидаги кемани қирғоққа тортиб чиқараётганлари акс эттирилганди. Бир куни ўшандай аянчи манзарани колхоз клуби олдидаги пахта қуритиладиган хирмонда кўрдим. Кун тиккага келган сентябр иссиғида бир тўп кишилар, худди асирга тушган одамлар каби қўлларини ортга қилганларича сафланиб, ерга қараб ёйилган пахталарни тепиб, ағдариб хирмон айланишарди.

Уларнинг ғамгин ҳолати менга ўша бурлакларни эслатди. Ноябр ойи оёқлаб, декабрнинг қировли кунлари, пахтани бир граммини ҳам нобуд қилмай, «Ватан»га топшириш учун кўсак чувиш мавсуми бошланар, кечалари хирмонларга ўрнатилган «вороха»лар ғалдур-ғулдир қилиб шовқин солиб, сўнгги чаноқларни янчиб, қолган қутган пахталарни ажратиб олар, чанг тўзонда ишлаётган одамлар кўринмай кетар, ўнлаб «вороха»лар шовқинида бор овозда бақириб гаплашилса ҳам гаплар мазмуни аранг англанар, бир томондан ажратилган пахта бўлса, иккинчи ёкда, янчилган чаноқлар тўпланиб тепаликларга айланарди.

Авом тилида «ғўзапўчоқ», деб аталадиган чиқиндини, одамлар ворохада ишлаётганлар кўзини шамғалат қилиб уйларига олиб қочишарди. Ер ости бойликлари, хусусан, ичида одам бемалол юрса бўладиган қувурларда, гази Россия томон кетадиган ўзбек халқи газсизлигидан ўша пахта чиқиндисини ёқилғи сифатида уйга ғамлар, қишда ўчоқларга ёқиб чўғини сандалга солганларича, устига кўрпа ёпиб ётиб, қишдан чиқишар эди. Биз ҳам акам иккимиз елкаларимиз арчилиб совуқда изиллаб, ярим тунгача ғўзапўчоқ таширдик. Менинг иссиқ ўринга кириб мазза қилиб ухлагим келар, лекин бунга акам йул қўймасди. Мен ворохалардан кўтарилаётган чанг-тузон ичра ғуборга беланиб ишлаётган одамлар ўпкасига ўрнаган чанглар, аллақачон гуваллакка айланган бўлса керак, деб ўйлаб кетардим. Улар инсон ҳаёти учун зарарли чанг ичида, асабни ишдан чиқарувчи шовқин остида ишлаётганлари учун қўшимча иш ҳақи, ҳеч булмаса сут-қатиқ ҳам талаб қилмас, суткалаб ишлайверар эдилар.

Қишлоғимиз халқи фақат пахта эмас, пилла ҳам етиштирар, ипак қуртлари катта даха уйқусидан уйғонган маҳал, ғира-шира тонг қоронғусида чархланган болталарни олиб, одамлар далалар четида ўсган тут шохларини кесиб келиш учун жўнашар, баъзан тут дарахтини талашиб муштлашиб кетишар, ҳатто болта билан ҳужум қилиб, бир-бирларига тан жароҳати етказган ҳолатлари ҳам бўлар эди. Жамиятда коммунистик мафкура ҳукмрон бўлиб, ҳар бир қишлоқ совети биноси, колхоз бошқаруви идораларининг бинолари олдида, йўқсиллар доҳийси Владимир Лениннинг ҳайкаллари бўлар, ўқувчилар бўйнига қизил латта боғлаб, байроқ кўтариб горн, барабан садолари остида Ленин ҳайкалининг пойига гулчамбар қўйиш учун кўчадан ўтиб кетишаётганда пахса, четан деворлар оша қишлоқ одамлари илжайганларича кузатиб қолишарди. Болалар қаҳрамон пионерлар ҳисобланган Павлик Морозов, Кичан Жакиповларга ўхшашни орзу қилишар, ленинизм кишилар онгига шу қадар чуқур сингдирилган эдики, юқорида номини зикр этганим, шоир ва рассом раҳматли Олимжон Матмуродов чап кўксига игна билан ўйиб, Лениннинг расмини чизиб олган эди.

У пайтлар қишлоғимизда Камолиддин ака исмли киши ҳам буларди. Табиатан қувноқ, хийла ширали овози бор, одамлар олдида тортинмай ашула ҳам айтиб юраверадиган, кўзлари катта-катта, кулганда оғзи кенг очилиб майда тишлари кўриниб кетадиган ўрта буйли бу одамни яқингача, то фано топиб фавт бўлгунига қадар йиғлагани у ёқда турсин, қовоғи уюлганини, кайфияти пастлаганини кўрмаганман. Бу ажойиб инсоннинг лақаби «Партия» эди. Баъзилар «партком» хам дейишарди. Маълум бўлишича, қачонлардир у