Абдураҳим Пўлат: Ўзбеклар жуда эҳтиёткор, аммо янги анъана киритишга эришамиз - «HARAKAT» XABAR AGENTLIGI :: Independent News Agency Harakat. Узбекистан, новости Узбекистана, политика Узбекистана, оппозиция Узбекистана"/> Абдураҳим Пўлат: Ўзбеклар жуда эҳтиёткор, аммо янги анъана киритишга эришамиз - «HARAKAT» XABAR AGENTLIGI :: Independent News Agency Harakat. Узбекистан, новости Узбекистана, политика Узбекистана, оппозиция Узбекистана"/>
05:01 -
Абдураҳим Пўлат: Ўзбеклар жуда эҳтиёткор, аммо янги анъана киритишга эришамиз
Ҳар қандай одам каби, янги бир фикр, ғоя ёки ташаббус билан чиққач, тўғри қиляпмизми деб ўйлаб қўяман. Мана, масалан, яқинда ёзган бир фикрим ва ундан келиб чиқиб бошлаган ташаббусим ҳақида нима ёзгандим: “Минг афсуски, халқимизда сиёсий мухолифатга молиявий ёрдам бериш, унга спонсорлик қилиш анъаналари ҳалигача яратилмаган. Биз бу бўшлиқни тўлатиш учун, сиёсий ҳайриячилик системасини яратиш учун ҳам ҳаракат қилмоқдамиз”.

Шундай анъана бизда йўқлигини яхши билсам ҳам, уни яратолишимизга ишонаман. Аммо, қанчалик тез? Мана масала қаерда.

Тўғри, бу ишнинг тезлиги ҳозир қандай бўлаётганини баҳолаш қийин. Менга қолса ёмон эмас. Чунки, биз ўзбеклар аввалари ҳам бир қозоқ танишимнинг гаплари билан ифодалаганимдек: “шунчалик айёрмизки, қулдорликка қарши эканлигимизни вақтидан олдин қулдорга билдириб қўймаслик учун, бутун умримизни қулликда ўтказишга тайёрмиз”. Яъни айёр эҳтиёткормиз ва бу туфайли ҳам кўп нарсани йўқотмоқдамиз.

Мен, хусусан, шу қозоқ дўстимнинг сўзлари хато эканлигини исботлаш учун ҳам қайта қуриш йиллари сиёсий жараёнларга отилдим ва аста-секин миллий мустақиллик курашининг лидерларидан бирига айландим.

Биз бирликчилар, шунчалик эҳтиёткор ўзбекларни мустақиллик курашига жалб қилолган эканмиз, бор йўғи бир анаъана, сиёсий ҳайриячилик анъанасини яратишга кучимиз етади. Яратишга бошладик ҳам. Аввалги ёзувларимда бизга ёрдамлар келишга бошлаганини айтгандим.

Шу кунларда сафдошларим билан гаплашганда, улар орқали менга бир қатор ўзбекларнинг, мухолифатга яқин ёки мухолифатчи бўлган юртдошларимизнинг фикрлари, саволлари етиб келди. Кўрдимки, бундай саволлар бўлишини аввалдан билиб, бу хусусда ёзган бўлсам ҳам, тушунмовчиликлар ҳали кўп.

Баъзи одамларда “сиёсий партиялар ўз аъзоларининг взносларига (улар “бадалларига” калимасини ишлатишган, аслида бу тўғри) яшаши керак” деган советлардан қолган хато фикр ҳали ҳам бор. Улар: “Нима учун партияга ташқаридан одамлар ёрдам бериши керак?” деган саволларни ҳам ўртага қўймоқдалар.

Шундай фикр эгаларига мурожаат қилмоқчиман. Азизлар, тушунинглар, партия фақат ўз аъзолари учун фаолият кўрсатмайди. Ҳар қандай партиянинг мақсади ҳокимиятга келиш ва ҳокимиятда туриб ўз дастуридаги режаларни амалга ошириш. Демак, партия ҳокимиятга келгандан кейин мамлакатни, жамиятни, яъни ҳамамизни бошқаради. Шундай экан, партиянинг ички иши деган тушунча бўлмаслиги керак. Ҳар ким ҳар бир партиянинг ишларига аралашиш, яъни уни танқид қилиш, унга маслаҳатлар бериш, уни баъзибир қадамлар қилишга чақириши мумкин ва лозим.

Халқ ўзини бошқарадиган партияга, унга аъзо бўлиш бўлмаслигидан қатъий назар, таъсир этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Таъсир этишнинг йўлларидан бири унга моддий ёрдам бериш. Мана шу охирги фикримни баъзилар тушунмаётганга ўхшайдилар. Аслида, бу энг муҳим, калит нуқта.

Қайси партияга ёрдам ёки ҳайрия бериш одамларнинг ўз ихтиёрида бўлгани учун, улар ҳайрия воситасида партяларни халққа, жамиятга ёқадиган ишларни қилишга мажбур қиладилар. Партиялар орасидаги кўпроқ одамлардан ҳайрия тўплаш мусобақаси эса, уларни давлатни бошқаришда ҳам мусобақа, қолаверса рақобат қилишга чорлайди, мажбур қилади. Ривожланишнинг мотори - иқтисодда ҳам, сиёсатда ҳам - рақобатчиликнинг борлиги эканлигини ҳамма тушунса керак.

Демак. ҳайриячилик воситасида рақобатчилик асослари яратилади. Сайловлар ҳам партияларга таъсир қилиш воситаси. Аммо, улар 4-5 йилда бир бўлади. Ҳайриячилик эса узлуксиз восита.

Айтилганлардан келиб чиқиб, яна бир марта юрт ташқарисида яшаётган ўқувчиларимизга мурожаат қиламан, партияларга ёрдамчи бўлинг, шундагина улар халққа хизмат қиладилар. “Бирлик” фаоллари яратган “Ҳаракат” журнали ва шу номдаги сайтни юритаётган ташкилотларнинг банклардаги ҳисоб номерлари қуйидагича, шу адреслар орқали бизга ёрдам беринг:

1. АКШ ва Канадада яшаётганлар ўз ёрдамларини «Uzbekistan Associates – Harakat» номига ёзилган чек ёки «Money order» воситасида ташкилотнинг куйидаги адресига юборишлари мумкин:

Uzbekistan Associates – Harakat
7318 Fountain Spring Ct
Springfield, VA 22150

2. Европада яшаётганлар ўз ёрдамларини Швециянинг Swedbank банкида «Association Central Asia» ташкилоти номига очилган куйидаги хисоб ракамига ўтказишлари мумкин:

SWEDBANK, S-105 34 Stockholm
SWIFT: SWEDSESS
Telex: 128 26 SWEDBNKS
Account/ Compte no
82149 037 021 9958

Швециянинг ўзида яшаб, Швед кронида пул ўтказиш истаганлар учун банк ҳисоби:

Association Central Asia
Clearingnummer 8214-9
Kontonummer 994 259 156 2

Бугун юрт ташқарисидаги ўзбекларнинг иқтисодий аҳволини яхши биламан. Шу сабали, ҳар бир одамдан катта ёрдам кутиш мумкин эмаслигини тушуниш қийин эмас. “Томчи-томчи кўл бўлур” деганларидек, 10 ми, 20 ми, 50 ми ёки 100 доллар миқдоридаги ёрдам ҳам биз учун жуда муҳимдир. Ёрдамни банк чеки ёки “Money Order” воситасида расман рўйхатга олинган ташкилотларимизга юборинг. Ўз исмини очиқлашни истамаганлар учун “Money Order” энг қулай воситадир.

Бизнинг қилган ишларимизни билган одамларга мурожаат қиламан. Миллатнинг ёрдамисиз мавжуд диктатурани енгиб бўлмайди. Биз бундай ишларга қодир эканлигимизни кўп марта исбтладик. Масалани эртага чўзмасдан, миллатингиз олдидаги мажбуриятингизни бугун бажаринг, бизга ёрдам қўлини чўзинг.

Ўзбекларнинг кўпчилиги ҳали ўз тили учун курашишага тайёр бўлмаган пайтда биз миллатни мустақиллик курашига чорлай олдик. Хоинлик туфайли ҳозирча диктатуранинг қулимиз. Аммо ундан ҳам қутиламиз. Бу йўлда ҳайриячилик анъаналарини ҳам яратимиз. Аммо, сиз ҳам бунга қўшилинг, қозоқ танишим биз ўзбеклар ҳақида мутлақо хато фикрда эканлигини исботлашга ёрдам беринг!
Гафуров Абдулхошим - Ким кимдир? - Who is Who?