Актуал мавзу - 24 March 2009
05:01 - Мўътабар Тожибой: “Ўтюраклар” номини Каримовдан олганман
(Машҳур ҳуқуқ ҳимоячисининг “Ҳаракат” сайти мухбири билан эксклюзив суҳбати, 2 қисм)


Улуғбек Бакир: Куни кеча “Ҳаракат” таҳририяти электрон почтасига Киевда яшаётган Азаматжон исмли юртдошимиздан Сиз ҳақингизда ёзилган бир мактуб келди. Мактубда “Ўтюраклар” клуби қачон ташкил этилганлиги ва унинг тарихи бўйича савол ёзилган. Шу ҳақда ўқувчиларимизга сўзлаб берсангиз?

Мўътабар Тожибой: “Ўтюраклар ” клуби 2000 йилнинг январида Ўзбекистон Халқ Демократик Партияси (Ўз.ХДП - У.Б) Марғилон шаҳар Кенгаши Зуҳро маҳалласи (Марғилон шаҳар - У.Б) бошланғич партия ташкилоти қошида ташкил этилган. Мен ўша пайтда Бошланғич партия ташкилоти котиби ва янги ташкил этилган “Ўтюраклар ” клуби раҳбари эдим.

Клубимиз Олий Мажлис ҳамда маҳаллий кенгашларга депутатлар сайлови ўтгандан сўнг ташкил топган. Мен ҳам “ташаббускор гуруҳ”дан вилоят Кенгашига ўз номзодимни қўйган эдим. Сайловчилар билан бўлиб ўтган кўплаб сайловолди учрашувларда, халқнинг ҳақиқий аҳволини, унинг дарду ташвишларини тушуниб, юракдан ҳис қилганман. Менинг дастуримда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида қилинадиган саъй-ҳаракатлар етакчи ўрин олган эди. Шу дастурим билан халқ олдига чиққанман ва табиийки, бу дастурим матбуотда эълон қилинган. Учрашувларда кўпчилик сайловчилар: “агар депутатликка сайланмай қолсангиз нима қиласиз?” каби саволлар билан мурожаат қилишарди. Депутатликка сайланмасам ҳам сайлов дастуримдаги қатор масалаларни жамиятда олға суришимни ўшанда айтган эдим. “Ўтюраклар” клубини ҳам шу мақсадда тузгандик.

Биз яшаётган Зуҳро маҳалласи наркотик моддалар савдоси илдиз отган ҳудудлар бўйича республикада биринчилар қаторида турарди. Клубнинг ташкил этилишидаги сабаблардан бири ҳам шу иллатларга қарши курашиш эди. Маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг атрофида гиёҳвандлар гала-гала бўлиб тўпланишиб, томирларига қора дорилар санчар, чекишар, хуллас, барча разил ишларни қилар эдилар. Бу жой уларнинг маконига айланганди. Ҳамда бу ҳудуд гиёҳванд моддалар савдоси маркази ҳам эди. Савдо бозори ҳар куни бўларди. Бу иллатларга қарши курашиб келган маъмурий давлат органлари ҳеч бир амалий натижаларга эришолмас эди. Кўп ҳолатларда улар бефарқ эдилар. Ҳақли равишда айтишим мумкинки, палак отган гиёҳвандликка қарши курашиб, кўпгина амалий натижаларни қўлга киритиб, маҳалламизни республика миқёсидаги илғор маҳаллалар сафига қўшилишида ўз ҳиссамни қўшганман. Бу ютуқларимиз ҳақида марказий ва маҳаллий матбуотда кўплаб материаллар чоп этилиб, фаолиятимиз кенг равишда оммага тарғиб қилинган. Албатта, бу материаллар ҳозир Европада ўз қўлимда сақланмоқда.

Гиёҳвандлик билан боғлиқ бўлган талайгина нохуш ҳодисалар, табиийки, жамиятдаги муҳитга салбий таъсир ўтказарди. Мисол учун, шулардан бири, Фарғоналик Иҳтиёр Эминчаев исмли 13 ёшдаги норасида гўдак билан боғлиқ бўлган фожеали ҳодиса ҳозиргача қалбимни изтиробга солиб келади. Бу бола ҳам шу гиёҳвандлар чангалига тушиб, шу маконга келиб қолади. 2002 йилнинг февраль ойида Иҳтиёр шу бангихоналарнинг бирига келиб, томирига қорадори санчади. Юборилган модда катта миқдорда-дозада бўлганлиги учун у воқеа жойининг ўзидаёқ жон таслим қилади.

Бу ҳодиса гиёҳванд моддалар сотувчи бир аёлнинг уйида содир бўлганди. Кейин маълум бўлишича, Фарғона вилояти Ички Ишлар Бошқармаси (вилоят ИИБ -У.Б) томонидан ашёвий далил сифатида жиноятчилардан тортиб олиниб, йўқ қилиниши лозим бўлган наркотик моддаларни бу аёл айлантириб сотиш билан шуғулланар экан. Бу боланинг жасадини тунда чиқиндилар ташланадиган жойга улоқтирганлар. Кейин шу ҳолат бўйича жиноят иши очилган. Аммо, бироз вақтдан сўнг прокуратура бу ишни бахтсиз тасодифий ҳодиса сифатида ёпади. Шундан кейин бизлар бу тасодифий ҳолат эмаслигини, балки, айнан жиноят иши эканлигини фош қилганмиз.

Мана шундан сўнг бизларга ва фаолиятимизга нисбатан ҳукуматнинг тазйиқлари бошланган. 2002 йилнинг июнидан бизларга турли босимлар қўлланилиши авж олган.

Улуғбек Бакир: “Ўтюраклар” клуби дастлаб ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланадиган ташкилот сифатида ташкил этилган эдим