24 November 2022
19:42 - Юсуф Жума: ҚУЁШ ОЖИЗ - ОЧУН ҚОРОНҒУ, ЭРЛАР ШОНИ СОЧМАСА ЁҒДУ…


Нечун дўстлар эрта кетдилар?!
Биз етарли ардоқламадик.
Ёлғизликда ёниб битдилар,
Биз етарли ардоқламадик.

Жанг чоғида чиқардик олдга,
Давраларда олмадик ёдга,
Миндирдикку - эр ёғоч отда,
Биз етарли ардоқламадик.

Кўз ёшларим излаб чиқади,
Изларини кўзлаб чиқади,
Юрагимни тузлаб чиқади,
Биз етарли ардоқламадик.

Менку олдим қилмишимни тан,
Бошқалар ҳам тан олмас экан,
Ўчмас эрлар ташланган гулхан,
Биз етарли ардоқламадик.

Ўзимни ҳам ким қопмади, ким?!
Ким этмади кўнглимга ҳужум,
Қарғиш теккан элга бўлдим ем,
Биз етарли ардоқламадик.

Қуёш ожиз - очун қоронғу,
Эрлар шони сочмаса ёғду,
Тангрим,Ўзинг ардоқла мангу,
Биз етарли ардоқламадик.

2022 йил, 22 ноябрь.

Кўнглинг тоза бўлса, бўш бўлар чандон,
Бошингда унганлар бошингга қопқон.
Бошда кўтаргунча, дорда кўтариб,
Жаллод бўлмаганинг ўртайди - пушмон…


2022 йил, 22 ноябрь.

Кимдир чалди оёғидан, йиқилди қаттиқ,
Вале ўлмай омон қолди, эр эди пишиқ.
Ёш йигитдай от сурарди, кимдир билдирди:
Оёғингдан чалган - боланг, шу сўз ўлдирди…

2022 йил, 20 ноябрь.

Жамол Камол хотирасига

Жамол ака яхши шоир ва яхши таржимон эдилар.
Адабиётга катта хизматлари сингди.
Улуғ Қуръонни ҳам шеърий таржима этганларини эшитганман.
Афсуски, босилмади.
Буюк Ислом қанчалик шубҳадан холи бўлса,
Ислом тўғрисидаги кўпгина сафсаталар шунчалик шубҳалидир.
Ким шеърий таржимасини рад этган - қул тозиларми, билмайман…
Таржима босилмаган бўлса, босилади Тангри кўмак берса - яқинда…
Жамол ака эл - юрт дардларидан куйиниб яшардилар.
Вале сотқинлик демаганда ҳам, оғиб турган чоғлари
кўп бўлди ва шоиру ёзувчиларнинг шундай оғиб туришлари
“Бирлик”нинг - элу юртнинг фожеаси бўлди…
Ўз чоғида юзларига ҳам айтганман…

Ўғилларим билан унинг тириклигидан севинардик,
юздан ошиб юришларини тилардик.
Начора энди Жамол Камол ҳам армон…
Улуғ Тангри оқлаб, олқишласин!
Омин!

Бухоронинг камоли кетиб қолди,
Бухоронинг жамоли кетиб қолди.
Юртнинг жамолию камолин излаб,
Элнинг Жамол Камоли кетиб қолди…

2022 йил, 23 ноябрь.