02 July 2022
14:45 - Юсуф Жума: ШЕЪР - КИШИНИНГ ИШИ ЭМАС - ИНОЯТ….


Элимни соғиндим - яхшими, ёмон,
Эси бору йўқларимни соғиндим.
Чўлда ўсган саксовулдай оташ жон,
Боболардан юқларимни соғиндим.

Содда-содда йигитлари ялангтўш,
Дастурхони - кўнгли очиқ, меҳри жўш,
Дарвозаси юрагидай очиқ - бўш,
Интиқ кўзи тўқларимни соғиндим.

Қоракўлда бир сулувнинг камони -
Ёй қошлари, чексиз узун пайкони -
АҚШгача етиб келди мижгони -
Жонни тешган ўқларимни соғиндим.

Элнинг мингдан бири - туркдир - ўғиздир,
Сотқини - тўққиз юз тўқсон тўққиздир,
Ётлар ичра ожиз қолган улусдир,
Эски ўғиз - туркларимни соғиндим.

Отам гўри кўзларимдан ўтади,
Онагинам тупроқ бўлиб кутади,
Опагинам кўзи очиқ ётади,
Юраклари оқларимни соғиндим.

Улуғ Тангрим - БируБорим - БоруБир,
Жаҳонгирлар ерига бер - жаҳонгир,
Хор бўлмасин кўкларингдан қутлуғ ер,
Тоқингдаги тоқларимни соғиндим.

Қачон келасан деб ўтди қанчаси,
Юрт бошида пирсиённинг баччаси,
Ўчга ташна юртнинг ҳар бир кундаси,
Ўч қонига суқларимни соғиндим.

2022 йил, 30 июнь.

* * * * *

Эрдамчига бошланғич эрдам - (Тарбиячига бошланғич тарбия)

Тозаликка чорламоқчи бўлсанг бировни,
Мендек кирга ботмагин деб бошла сўзингни.
Гар гуноҳдан асрамоқчи бўлсанг бировни,
Мендек осий ўтмагин деб бошла сўзингни.

Нодонликдан қутқармоқчи бўлсанг бировни,
Мендек янглиш кетмагин деб сўз бошласанг - соз.
Зеро сабоқ бергувчининг - аҳмоқ - анқовнинг,
Аҳмоқ сабоқ олгувчидан фарқи жуда оз…

2022 йил, 27 июнь.

Ҳатто сотқинликни ҳам - босқинчиларга қўйилган
ёдгорликни ҳам - номуссизликни ҳам оқламоқчи бўлганларга.
Ҳазил.

Фалоний чин демократ,
Олинг - дейди - мендан ибрат.

Демократияни суяр,
Ҳар куни овозга қўяр.

Хотинидан сўрар ҳар кун,
Қайда бўласан кечқурун?

Сайловчидир битта танноз,
Ўйнашига берар овоз.

Фалоний демократ чин,
Ёрига дер - хайрли тун!…

2022 йил, 22 июнь.

* * * * *

Икки карра икки бўлганида беш -
Адолат бўлади ернинг юзида.
Барча ҳукмдорлар тозаликка эш,
Ҳақиқат янграйди улар сўзида.

Тўққиз карра тўққиз бўлганда тўқсон,
Дўст - ёрон топасан, ҳамдард чинакам.
Вафоли чиқади сен суйган жонон,
Ҳақгўйларга энар Тангридан ёрдам.

Кўпайтириш билан машғулдир осмон,
Ноасл пастларни урчитар асли.
Кўпаяр аслида кўп бўлган ёмон,
Камаяр аслида кам бўлган яхши.

Тушкунликка тушма, оқил, ҳеч қачон,
Етти карра етти бўлганда етмиш -
Доно бўлиб қолар эл деган нодон,
Сени тушунади, битади ташвиш.

Қачон беш карра беш бўлса эллик беш,
Адолат беш бўлар, эрк бўлади беш.
Ўзгарган кунида карра жадвали
Очун ўзгаради - Ўзига олқиш!

2022 йил, июнь.

* * * * *

Ўзи бермаса, қўй, қаламни, номард,
Шеър - кишининг иши эмас - иноят.
Шеърнинг қон томиру қонидир - ҳайрат,
Шеърнинг жон томиру жонидир - ҳикмат.

2022 йил, июнь.

* * * * *