27 January 2022
22:00 - АҚШ тўртинчи марта Россияга Украина масаласида “йўқ” деб жавоб берибди. Бу сафар хат кўринишида!
АҚШ Россиянинг хавфсизлик бўйича талабларига хат кўринишида жавоб қайтарди. Унинг тафсилотлари аниқ эмас, лекин АҚШ Давлат Котиби Энтони Блинкеннинг сўзларига кўра, Россиянинг асосий талаби бўлмиш Украинани НАТОга қабул қилмаслик талаби кескин рад этилган.

2021 йил октябр ойидан бошлаб Ғарб нашрларида Россия Украина билан чегарада 100 мингдан ортиқ аскар тўплагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. АҚШ Россияни яна бир марта Украинага бостириб киришга уринишда айблади. Воқеалар ривожи тезлашиб кетгач, Жо Байден ҳамда Владимир Путин бир неча марта суҳбатлашиб, музокаралар столига ўтиришга келишиб олибдилар.

Россия инқирозли вазият фонида Ғарбдан Украина ва Грузия ҳеч қачон НАТО аъзосига айланмаслиги бўйича ҳуқуқий кафолат талаб қила бошлади. Бу бўйича уч марта серияли музокаралар ўтказилди. Аввалига Женевада АҚШ – Россия форматида, кейинчалик Брюсселда НАТО – Россия форматида, Венада эса ЕХҲТ вакиллари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Бу учрашувларда ҳам Ғарб ва хусусан АҚШ Россиянинг асосий талаби бўлмиш Украинани НАТОга қўшмаслик талаби бажарилмаслигини маълум қилибди.

Женевада АҚШ Давлат Котиби Энтони Блинкен ҳамда Россия Ташқи Ишлар Вазири Сергей Лавров иштирокида ҳам музокара бўлиб ўтибди.

Бу охирги учрашувда фақат битта янгилик айтилди: АҚШ Россиянинг сўрови билан илгари сурилган талаб бўйича хат кўринишида жавоб берадиган бўлди. Ўша жавоб 26 январ куни кечқурун Россияга АҚШ элчиси томонидан етказилибди.

Россияга хат кўринишида жавоб берилгани муносабати билан АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен матбуот анжуманида иштирок этиб, уни тушунтиришга ҳаракат қилибди.

АҚШ Давлат Котибидан Россия талаб қилаётган асосий нарса – Украина НАТОга қўшилмаслиги бўйича кафолат сўровига қандай жавоб берилгани сўралганди. “Бизнинг томондан қараганда НАТО эшиклари очиқ ва шундайлигича қолади. Биз бу принципда содиқмиз”, деб жавоб берибди Энтони Блинкен.

Хуллас, қисқа қилиб айтсак, АҚШ Россияга икки давлат – Украина ва Гуржистон – тўғрисида ёзма баёнот топширибди.