04 May 2021
20:08 - Юсуф Жума: Савдо эришдими, уйлар битдими, ...?

- Савдонг юришдими, уйлар битдими,
Даромад каттами, солиқ каттами?!
Шу ҳам сўрашишми, турмушми, қутми,
Шулар ҳам ўғилми, мен ҳам отами?!

Гарчи зиндонларда синмаган эрлар,
Энг ёвуз кучга ҳам қарши турарлар,
Лек кўнглимда улар отмаган тирлар,
Шулар ҳам ўғилми, мен ҳам отами?!

- Қайси вилоятда этаяпсан жанг -
Чиндами, Ироқда - қолсин фақат чанг!!!
Боболар неларни сўйлашган, аттанг
Шулар ҳам ўғилми, мен ҳам отами?!

Ҳар биримиз этиб кўкларни коса -
Сотқин, ёв қонидан ичмадик роса,
Очунни сўрайди аҳли норасо,
Шулар ҳам ўғилми, мен ҳам отами?!

Қоним - боболарим мендан норизо -
Юрагимни ёқиб, гурлар доимо.
Отим туёғига юкинмас дунё -
Шулар ҳам ўғилми, мен ҳам отами?!

Эрон вилоятим эдику кеча,
Бугун юртимда хон эроний бачча,
Нечун қиличимдан тошмас ҳар кўча,
Шулар ҳам ўғилми, мен ҳам отами?!

Жонимни қисиб дер Ўғизхон бобо -
Оқ кўнглимга олиб Тангрини ҳатто
Юртимга қўшгандим - тупроғим аро,
Шулар ҳам ўғилми, сен ҳам отами?!

Тангрим бор юрагим тупроқларида -
Туронда - кўнглимнинг ардоқларида,
Сел ёғсин қиличинг чақмоқларидан,
Шулар ҳам ўғилми, сен ҳам отами?!

2021 йил, 28 апрель

* * * * * .

Ҳикматдирман - тўғри йўлман, сиртим йўлу ичим - оташ,
Ҳақ деб ёндим - шонли кулман, сиртим кулу ичим - оташ.
Юрагида ўти борни мангу сийлар Бируборим,
Ўтиб кетсам - тоза гилман, сиртим гилу ичим – оташ.

2021 йил, 1 май

* * * * *

Мени ёв йиртқичлар пойига қўйди ,
Дўст -ёрим қонимнинг сойига қўйди.
Ўзи ардоқлади ҳикматлар билан -
Тангрим иззатимни жойига қўйди.

2021 йил, 23 апрель

* * * * *