01 May 2021
18:11 - Биринчи ўзбек космонавти Солижон Шарипов таъсисчилигидаги компания атрофида нималар бўлмоқда ва “Ҳаракат” нималар демоқда?
Ижтимоий тармоқларда зоминлик бир гуруҳ тадбиркорларнинг ўзаро зиддияти акс этган видеолар тарқалаётгани, низолашаётган компанияларнинг айримларида биринчи ўзбек космонавти Солижон Шарипов ҳам улушдор экани бизнинг диққатимизни ўзига тортди. Ўзини фирибгарлик қурбони деб ҳисоблаётган тадбиркор Одинахон Ғофуржонова терговдан норози.

Бизга, дейди мухбиримиз, асли зоминлик бўлган тадбиркор аёл Одинахон Ғофуржонова мурожаат қилди ва маслаҳатлар сўради.

У ўзи муассислик қилган компания (МЧЖ)даги улушлар Россия фуқароси бўлган қариндошлари томонидан ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан тортиб олингани, кейинчалик бу компаниядаги улушлар ўзга шахслар номига ўтказиб юборилгани, ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов Бошқармаси олиб бораётган тергов ҳаракатлари эса асоссиз равишда ҳаракатдан тугатилганини ҳам айтди.

“2002 йилда таъсис этилган «Megatek Avto» МЧЖнинг 99,4 фоиз (8,5 млрд сўм) улушига эгалик қилиб келганман. 2019 йил май ойининг бошларида бетоб бўлиб ётган вақтимда, шу фирмада қисман улушга эга бўлган жияним соғлиғимдан хабар олиш учун келиб, жамият устав фондини ошириш учун киритилган 1 млрд сўм пулларни хужжатлаштириб қўяман деб, уставни янги таҳрирда рўйхатдан ўтказиш кераклигини айтиб, менга А4 форматдаги бир неча бўш қоғозларга имзолар қўйиб беришимни сўради.

У менинг жияним (укамнинг ўғли) бўлгани сабаб уларга ишонганман. Касал ётганим туфайли ўз ўрнимдан туролмайдиган бир аҳволда бўлсам ҳам бўш қоғозларнинг жияним кўрсатган жойларига имзо қўйдим, кейин жияним дарров жўнаб кетди.

Бу вақтда мен укам ва жияним менга хиёнат қилишини билмаган эканман. Ота-бола мени алдаш ниятида экани ва фирибгарлик қилиши мумкинлигини ҳатто хаёлимга ҳам келтирмагандим”, - дейди Одинахон Ғофуржонова.

Бу низо Одинахон Ғофуржонованинг аризаси асосида Тошкент туманлараро иқтисодий судида кўрилган. Суд таъсис ҳужжатларидаги имзоларни унинг ўзи қўйган деб кўрсатиб, “MEGATEK AVTO” МЧЖнинг қайта давлат рўйхатидан ўтказилишини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъвони қаноатлантиришни рад этган.

Аммо, Тошкент шаҳар иқтисодий судининг 2020 йил 26 ноябрдаги хусусий ажрими билан, “MEGATEK AVTO” МЧЖнинг таъсис ҳужжатларини қайта давлат рўйхатидан ўтказишда шахсларнинг ҳаракатларида алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш жинояти аломатлари мавжудлиги ҳолатини текшириб кўриш ва жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига хабар қилинган.

Хусусий ажрим чиқарилганидан бир ҳафта ўтиб - 2020 йил 3 декабр куни Чилонзор туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Одинахон Ғофуржонованинг Россия Федерацияси фуқаролари бўлган укаси ва жиянига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси тўртинчи қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилади.

Кейинчалик жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар ИИББ хузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси Сухроб Йўлдошевнинг иш юритувига ўтказилади.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Одинахон Ғофуржонованинг Россия Федерацияси фуқаролари бўлган укаси ва жиянини жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Аммо, нимагадир улар ишдаги асосий фигурант, боз устига гумонланувчи бўла туриб, “терговга келтириш имкони бўлмагани” важи билан бирор марта сўроқ қилинмайди.

Жиноят иши жорий йил 20 апрел куни тугатилади. Бунга ЖПКнинг 83-моддаси 1- ва 2-бандлари асос сифатида келтирилган, яъни тергов органи “жиноий ҳодиса юз бермаган” ва “гумонланувчининг қилмишида жиноят таркиби йўқ” деган хулосага келган.

Одинахон Ғофуржонова тергов органининг бу қароридан норози. У ўртага ташқи кучлар аралашгани, терговнинг мустақиллигига таъсир этиб, ишни шу тарзда ёпиб юборишга уринаётганликларини айтмоқда.

Бу воқеаларни кузатиб бораётган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ҳам ўз фикрлари билан бўлишди.

“Зоминлик тадбиркор Одина Ғафуржонова иши жамиятимиз экспертлари томонидан ўрганилган. Бу масалада давлат ҳокимияти идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига қонун бузилиши юзасидан бир қанча шикоятлар киритдик. Ҳақиқатан ҳам Ғафуржонованинг тадбиркорлик фаолиятига оид ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган, афсуски, ҳозирги кунда унинг мурожаатларига негадир кўпам эътибор қаратишмаяпти.

Ҳолбуки, Ғафуржонова иши бўйича бир қанча эпизодларда фирибгарлик, ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш билан боғлиқ жиноий аломатлар мавжуд. Менинг назаримда унга нисбатан босимлар ортида қандайдир манфаатдор доиралар турибди. Аксинча, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари аллақачон тикланиши керак эди”, - дейди ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов ўз тушунтириш хатида.

Хўш, бу машмашаларнинг биринчи ўзбек космонавти Солижон Шариповга қандай алоқаси бор?

Тадбиркорлар ўртасидаги ўзаро низоларга космонавт Солижон Шариповнинг тўғридан тўғри алоқаси йўқ. Гап шундаки, “MEGATEK AVTO” МЧЖдаги улушлар Одина Ғафуржонованинг укасига ўтганидан сўнг, жамиятдаги улушлар яна бошқа шахслар ихтиёрига ўтган. Интернетдаги очиқ манбалардан устав жамғармаси 10 млрд сўмни ташкил этувчи “MEGATEK AVTO” МЧЖнинг 20 фоиз улуши айнан Солижон Шариповга тегишли эканини кўриш мумкин.

Одинахон Ғофуржонова Солижон Шариповни жамиятнинг таъсис этилиши ва унинг равнақига умуман алоқаси йўқлигини, жамият уставидаги улушларни турли йўллар билан қўлган киритган шахслар атайин шундай қилишганини айтмоқда.

“Терговда айби исботланиш арафасида турган, ҳатто ишда гумон қилинувчи тариқасида жалб этилган шахслар кўринмас кучларнинг таъсири сабаб, терговдан қутулиб қолмоқда. Уларнинг бирор марта бўлсин тергов иши доирасида сўроқ қилинмагани ҳам буларни тасдиқлаб турибди. Шундай қонунсизликлар сабаб мен ва менинг оилам баҳоси бир неча ўн миллиардларни ташкил этувчи бизнесимиздан ажралиб қолмоқдамиз”, - дейди Одинахон Ғофуржонова.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини олиб борган Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов Бошқармаси терговчиси Сухроб Йўлдошев билан телефон орқали боғланиб, тергов тафсилотларига оид маълумотларни сўрадик. Аммо, Cухроб Йўлдошев раҳбарият рухсатисиз жиноят иши тафсилотларига оид маълумотларни бера олмаслигини, айни кунда жиноят иши материаллари Ички Ишлар Вазирлиги ва Бош Прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганилаётганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, Одинахон Ғофуржонова ва унинг ака-укалари эгалик қилган, кейинчалик эса космонавт Солижон Шарипов ҳам улушдорга айланган айрим фирмалардаги қатор ҳолатлар бўйича тергов ва суд ҳаракатлари давом этмоқда экан.

* * * * *

Хуллас, шунақа гаплар, дейди “Ҳаракат” мухбири. Ҳамма нарса тикланиши ва ҳақиқат ўртага чиқарилиши лозим. Тўғрироғи, шарт!!!