Юсуф Жума: БУТУН ИНСОНИЯТ МЕҲРИНИ ЙИҒСА, ЁҚМАС ОТА – ОНАНГНИНГ АЧЧИҒИЧА…

Қуёш ёғду бўлиб порлаб турибди,
Шамчироқларига кўнганлар – телба.
Юксак – юксак кўклар чорлаб турибди,
Уйимнинг томига кўнайин нега?!

Қудуғим босарми чанқоқлигимни,
Денгиз тўлқинлари экан чақмоқлар?!
Бир гул эплайдими тупроқлигимни,
Яшнаб турганида не – не учмоқлар?!

Океан тошмоқда, нима ҳам бўлар
Ёздаги шудринглар – томчи-томчилар?!
Ердан Тангригача қамрагим келар,
Мени қониқтирмас динлар, элчилар…

Юксак тозалик бор, чексиз азиз бор,
Ўзимдай қусурли зотлардан кўра.
Кўникиш ўлимку, гўрку тордан тор.
Кўнмаслик – тириклик – ҳақ йўли, яйра.

Токи чексиз – чексиз толедан тотай,
Чекланган нарсалар қут эмас, энма.
Эркнинг чексизликдан озини нетай?!
Кўнмасликдан бошқа йўлларга кўнма.

2023 йил, 21 апрель.

* * * * *

Ота – онангдан сўнг яшаб бўлмайди,
Ота – онанг ўтмай яшаб қол, шўрлик.
Ҳеч кимсадан тилка кўнгил тўлмайди,
Ота – онанг ўтмай яшаб қол, шўрлик.

Очун хоқонлиги кирса қўлингга,
Сулувлар гул бўлса ҳар бир йўлингга,
Устун бўлолмайди чўккан дилингга,
Ота – онанг ўтмай яшаб қол, шўрлик.

Ардоқлаб турса ҳам ўғилу қизинг,
Бўлолмаслар азизларингнинг изи,
Қора тупроқ тилар – сарғайган кўзинг,
Ота – онанг ўтмай яшаб қол, шўрлик.

Бутун инсоният меҳрини йиғса,
Ёқмас ота – онангнинг аччиғича.
Ҳатто ғазабларин қўмсайман, йиғлаб,
Ота – онанг ўтмай яшаб қол, шўрлик.

Улар тирик чоғда эсим етмади,
Пойларида бирон куним ўтмади,
Бу аччиғ тўхтамни ҳеч ким айтмади:
Ота – онанг ўтмай яшаб қол, шўрлик.

2023 йил, 21 апрель.