Юсуф Жума: ҲАР ҲАДИС – ТАНГРИДАН ҲИССА -ЎЗИДАН ТУШГАН МЎЪЖИЗА, ҚОШИДА НЕ СИРЛИ ҲАССА?! – БУЮКЛИГИГА ШУБҲАМ БОР…

Фирдавсий – ёлғончи, эзма,
Буюклигига шубҳам бор.
Сўз ҳикмат бўлмаса – чўзма,
Буюклигига шубҳам бор.

Ҳикматдир Тангрининг бўйи,
Сўз эмасдир ундан қуйи,
Буюк аталганлар войи –
Буюклигига шубҳам бор.

Бўлсанг ҳам Мусо – динда бий,
Бўлмасанг Мусо Хоразмий,
Мен билан шон талашма, қўй,
Буюклигига шубҳам бор.

Улуғларнинг карвонида –
Катта хато бор сонида –
Ким Ибн Сино ёнида?! –
Буюклигига шубҳам бор.

Ҳақ донғи – Муҳаммад элчи –
Қонимда қонидан томчи –
Ўғиз ўғли, ўзга ҳиччи –
Буюклигига шубҳам бор.

Ҳар ҳадис – Тангридан ҳисса –
Ўзидан тушган мўъжиза,
Қошида не сирли ҳасса,
Буюклигига шубҳам бор…

Омборчинг бўлай, БируБор,
Ҳикмат омборингда пойдор,
Де: Юсуфдан бошқадир хор –
Буюклигига шубҳам бор.

2023 йил, 17 апрель.

* * * * *

Бир қўшоқ – қўшалоқ – икки севишган.
Туну – кун қовушган, фақат қовушган.

Очундан ўтдилар, бошланди сўроқ,
Билмаслар Тангри ким, не тамуғ, учмоқ?!

Тамуғга ташлашди, уларга нима –
Икки оташ ўтда ёнарми сира?!

Тағин ўша – ўша икки севишган –
Оловлар оловлар ичра қовушган.

Дўзахда тўғилди улардан бола –
Оташлардан оташ тўраган тоза.

Болани учмоққа олиб ўтдилар,
Азиз амри билан азиз тутдилар.

Болакай жаннатни ларзага солди,
Оёғини ерга тиради – олди:

Тўғилган жойимга кетаман деди,
Учмоқ эди – чунки она кент эди.

Йўқ, йўқ, бу учмоқ деб куйладилар кўп,
Бола дер: тўғилган ерим бундан хўп.

На учмоқ, на Ўзи бўлолмайди тенг,
Жаҳаннам бўлса ҳам она юртим кенг!…

2023 йил, 17 апрель.

* * * * *

Ҳатто икки оёғи гўрда барча – барчанинг,
Кексами – ёш, сақласин, ҳаёт қалтис шунчалик.
Ҳақиқатни айтсанг-чи, юзингни оқ этсанг-чи,
Имкон – уч – тўрт кун, балки узоқ эмас унчалик…

2023 йил, 16 апрель.

* * * * *

Ўзидан ўтганни билади ҳар ким,
Менинг бошқалардан фарқим бор – шулким –
Биламан ўтганин бошқалардан ҳам,
Мазлумлар дардида турғунман – муқим…

2023 йил, 16 апрель.