Юсуф Жума: ЭВИНИ БИЛГАНЛАР ЭВИДА ЭМИН, БАРЧАНИНГ ЭВИНИ БИЛДИРСИН – ОМИН!…

Жонимни олиб кет, ўжар – ўрлашди,
Ўзимга бўйсунмас, бўйсунар сенга.
Оёғингдан сочинггача чўлашди,
Ичидагиларни қолдиргин менга.

Чўлашдию – тугун бўлди сен билан,
Тугун – тугун бутун бўлди сен билан,
Ўту ўтга ўтин бўлди сен билан,
Ичидагиларни қолдиргин менга.

Ўзинг кетмоқдасан – кет – ихтиёринг,
Ўзи истасину бўлайин ёринг,
Жонимнинг ичида орттирган борим,
Ичидагиларни қолдиргин менга.

Эвини билганлар эвида эмин,
Сенга ҳам эвингни билдирсин – омин!
Жонимнинг ичида Тангри билан сен,
Ичидагиларни қолдиргин менга.

2023 йил, 29 март.

* * * * *

Қайларда қолдинг, жон ерим,
Чиққан жоним қайга борсин?!
Нозиккина жон томирим,
Чиққан жоним қайга борсин?!

Менга кўрмай вафони эп,
Сенга вафо этаман деб –
Оловингдир, жонон қўрим,
Чиққан жоним қайга борсин?!

Чақмоқ бўлиб ўт бўлган тан,
Сени излар жоним билан.
Икки очундаги тўрим,
Чиққан жоним қайга борсин?!

Жойингку экан – яширин,
Жонимни чиқардинг нечун?!
БируБорим – БоруБирим,
Чиққан жоним қайга борсин?!

2023 йил, 29 март.